Президент ўзини ўзи электр энергияси билан таъминлайдиган корхона фаолияти билан танишди

Мамлакатимизда табиркорлик билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилган. Бунинг самарасида замон билан ҳимнафас фаолият юритиб, замонавий ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркорлар сафи кенгаймоқда.
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “FT TEXTILE GROUP” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона бош директори Зафар Раҳимов ана шундай тадбиркорлардан биридир. Бугунги кунда корхонада тайёрланаётган ип-калава маҳсулотлари Хитой, Россия, Туркия ва Украинага экспорт қилинмоқда.
Корхона “Шаҳанд” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Боғишамол маҳалласи ҳудудида жойлашган. Умумий ер майдони 7,7 гектар. Тадбиркор деярли хароба ҳолатга келган иншоотни сотиб олди. Ишни хорижнинг етакчи корхоналаридаги замонавий йигирув дасгоҳларини ўрганишдан бошлади. Бино таъмирлангач, Германиядан энг сўнгги русумдаги замонавий ип йигирув машиналари олиб келиб ўрнатилди. Бошқа зарур ускуналар Бельгия, Швейцария, Ҳиндистон ва Туркия давлатларидан олиб келинди. 2018 йили корхонанинг биринчи босқичи иш бошлади.
3.jpg
Корхонанинг фаолият бошлаши Боғишамол, Дукат, Темирқишлоқ, Олчин, Ахси каби маҳаллаларда яшовчи 300 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш имконини берди. Уларнинг аксарияти Тўрақўрғон туманидаги енгил саноат касб-хунар коллежида мутахассислиги бўйича маҳоратини оширган. Ҳозир корхонада йилига 15,6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 10,2 миллион доллар.
89a7c3cc-7997-48d1-a94a-201fe0827be4.jpg
Тадбиркор ўз ишига инновацион ёндашади. Гап шундаки, ушбу корхона ўзини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш имкониятига эга. Бу ерга Германиядан энг замонавий газогенератор келтириб ўрнатилган. У корхонада электр энергиясининг узлуксиз бўлишини таъминлайди. Иш жараёнида пайдо бўладиган иссиқ сув ҳам беҳудага кетмайди. 9 гектар иссиқхонани иссиқлик билан таъминлашга етади. Демак, “FT TEXTILE GROUP” мамлакатимизда ўзини электр энергияси билан таъминлайдиган биринчи корхона бўлди.
19.jpg
Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди. Бундай корхоналарни яна кўплаб ташкил этиш, пахта хомашёсидан ип-калавадан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш лозимлиги қайд этилди.
Мамлакатимизда ўз ишига инновацион ёндашадиган тадбиркорларнинг янги авлоди пайдо бўлмоқда, деди Президент. – Уларнинг сафини кенгайтириш, доимо қўллаб-қувватлашимиз лозим.
9b5e71cc-600d-45e9-8a7e-1d98654c9f33.jpg
Президентга корхонанинг иккинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Унда йилига қўшича 20,8 минг тонна ип-каллава ишлаб чиқариш, 200 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ушбу босқич якунлангач, ишлаб чиқариш қуввати йилига 36,1 минг тоннага, экспорт ҳажми 25,2 миллион доллар, умумий иш ўрни 500 тага етади.
10.jpg
Шу ерда Наманган вилоятида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда 43 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан “Лада” автомобиллари ёритиш чироқлари ишлаб чиқариш, “Дамас” автомобили олд ёритиш чироқлари тайёрлашни маҳаллийлаштириш, “Норин мото байк” корхонаси томонидан мопед, скутер, мотоцикл ва мотороллер ишлаб чиқариш каби кўплаб лойиҳалар тақдим этилди. Поп туманида “Uz youcheng group” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада режалаштирилаётган текстиль тўқув дастгоҳлари ишлаб чиқариш лойиҳаси шулардан биридир. Ушбу корхона ишга тушрилиши эвазига мамлакатимизга хориждан импорт қилинаётган тўқув дастгоҳларига сарфланаётган миллионлаб доллар маблағ тежалади.
28.jpg
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошиириш юзасидан топшириқлар берди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА