Туркия бизнес миссияси Ўзбекистонда

Шу кунларда Туркия ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Делегация таркибида Туркиянинг энергетика, қурилиш, архитектура, дизайн, транспорт-логистика, ахборот технологиялари, туризм, кимё саноати каби тармоқлар бўйича етакчи компаниялари вакиллари бор.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Савдо-саноат палатаси томонидан Туркия мустақил саноатчилари ва ишбилармонлари уюшмаси (MUSAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур ташриф доирасида 25 февраль куни икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув ўтказди.
3.JPG
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Туркия Ишбилармонлар платформаси вице-президенти Умер Карайел ва бошқалар сўзга чиқди.
Бугунги кунга келиб Ўзбекистон – Туркия савдо айланмаси 2 миллиард долларга етди ва буни янада ошириш бўйича икки томонда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Шунингдек, ўтган йили мамлакатимизда Туркиянинг яна 250 дан зиёд компанияси ўз ваколатхоналарини очди.
2.JPG
Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон учун халқаро молия институтлари, хусусан, Жаҳон банкининг 3 миллиард долларлик, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 8 миллиард долларлик кредит линиялари очилган. Ушбу ресурслар турк бизнес вакиллари билан ҳамкорликни молиялаштиришда катта аҳамият касб этади. Бундан ташқари, қўшма лойиҳалар учун гранд маблағлари ҳам мавжуд.
Тадбирда Туркия бизнес вакиллари мамлакатимизда ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришда фаол ҳамкорлик қилишга таклиф этилди.
4.JPG
– Мамлакатимизда ЯИМнинг 60 фоизи кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келади, – деди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов. – Туркияда бу кўрсаткич 89-92 фоизга тенг. Биз турк ишбилармонларини Ўзбекистон иқтисодиётида кичик ва ўрта бизнес улушини оширишда ҳамкорлик қилишга чақирамиз.
Давра суҳбатида томонлар туризм, энергетика, енгил саноат, кимё саноати, транспорт-логистика каби соҳалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди. Меҳмонлар Ўзбекистонда зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот билан танишди.
11.JPG
15.JPG
– Ўзбекистонга ўзаро савдо алоқаларини кучайтириш мақсадида келдик, – дейди Туркия Ишбилармонлар платформаси вице-президенти Умер Карайел. – Биз мамлакатингизда қулай инвестициявий муҳит яратилганидан хабардормиз. Бу ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда жуда муҳим. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Туркия ишбилармонлари Ўзбекистон келгусида Марказий Осиёнинг савдо-инвестициявий марказига айланишида ўз кўмагини аямайди.
Тадбир доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида “B2B” форматда учрашув ташкил этилди.

 

Малоҳат Ҳусанова, О.Мирсоатов (сурат), ЎзА