“Sevimli TV”: Ижтимоий тармоқлардаги фикрларда аниқлик йўқ

“Sevimli TV”: Ижтимоий тармоқлардаги фикрларда аниқлик йўқ

Телеканалларимизда эфирга узатилаётган, кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлаётган сериаллар ҳақидаги мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазаларини беришда давом этамиз. Бундан аввал “ZOʻR TV” телеканали муҳаррирининг “Томошабинлар турк сериалларини талаб қилишмоқда” мавзуидаги фикрлари билан танишган эдингиз.
 
“Шум бола” фильмидаги эрига хиёнат қилган аёл ҳақидаги саҳна ёки “Келинлар қўзғолони”даги қайнонасига қарши чиққан Нигорани нега ҳеч ким танқид қилмайди?
Лола Шоимова, “Sevimli TV” телеканали кино таҳририят мудири:
– “Sevimli TV” ва бошқа телеканалларда турк сериаллари кўпайиб кетгани бор гап. Лекин бу маънавиятимизга зид сериаллар кўпайиб кетди, дегани эмас-ку! Турк кино ижодкорлари воқеаларни бироз бўрттириб юбориши рост, аммо реал ҳаётни кўрсатишади. Биз сериалларни танлашда қайси давлатда ишлаганига эмас, режиссурасига, актёрлар маҳоратига, сценарийнинг пухта ишланганига ва энг асосийси, воқеанинг қанчалик муҳимлигига эътибор қаратамиз. Телеканалимизда нафақат Туркия, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва бошқа давлатларнинг фильмлари ҳам эфирга узатилади.
Телеканалимизда эфирга узатилаётган “Сўйла Қораденгиз” фильми ва бошқа турк сериаллари сабаб келинлар қайнонасини ҳурмат қилмаяпти, ажрашишлар кўпайди, дейдиганлар ҳам учраб турибди. Нега ҳамма нарсанинг салбий томонини кўрамиз? “Шум бола” фильмидаги икки воқеани эсланг. Унда эрига хиёнат қилиб, уйига бошқа эркакни киритган аёл ҳақидаги саҳна бор. Иккинчиси, ўғриларнинг бошлиғи шум болани ўғирликка даъват қилади. Нега бу асарни, асар асосида ишланган кинони ҳеч ким қораламайди? Нега “Келинлар қўзғолони”даги қайнонасига қарши чиққан Нигорани ҳеч ким танқид қилмайди? Ахир, киноларда ўша салбий қаҳрамонлар сафида бўлмаслик тарғиб қилиняпти. Инсонга яхшини ёмондан фарқлаш учун ақл берилган. Энг муҳими, томошабин қўлида пульт бор.
Ижтимоий тармоқлардаги фикрларда аниқлик йўқ. Хўш, қайси кинонинг оператори, режиссураси, сценарийси, рассомлик иши, актёрлар маҳоратига эътироз бор? Ҳамма умумий гапиряпти. Ахлоқсизликни тарғиб қилувчи бир неча сериалларни эфирга бермасдан қайтарганмиз. Ана ўшалар ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин эди. Бизда мукаммал ишлаган миллий сериаллар йўқ-да. Телеканал буюртмаси асосида миллий сериал ишланяпти. Тайёр бўлгач, хорижий сериаллар ўрнига қўйилади.
ЎзА мухбири
Хуршид ҚОДИРОВ
ёзиб олди
P/S: Мазкур мавзу юзасидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва бошқа мутасадди идора вакилларининг ҳам ўз муносабатини билдирган. Сайтимизни кузатишда давом этинг.

  25.02.2019, 15:10  |    184 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!