Яқинда ишга тушган «Nukus Polimer» МЧЖга қарашли корхона шу йилнинг 14-17-ноябрь кунлари оралиғида Татаристон Республикасининг Қазан шаҳрида ўтказиладиган кўргазма ва бизнес-форумда ўзининг маҳсулотлари билан иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда.

Корхона республикамиздаги Шўртон ва Устюрт газ-кимё мажмуасида етиштириладиган хом ашё – полимер маҳсулотини қайта ишлаб, узунлиги 12 метрлик, диаметри 16 миллиметрдан 630 миллиметргача сув қувурларини, 16 миллиметрдан 315 миллиметргача газ трубаларини ишлаб чиқаради.

Трубалар Хитойнинг «Liansu» ва Германиянинг «Siemens» компанияларидан олиб келинган замонавий ускуналарда тайёрланади. Аҳамиятлиси, корхонадан чиққан чиқиндилар махсус майдалагич аппарат ёрдамида қайта ишланиб, труба чиқаришга мўлжалланган хом ашё тайёрланади.

Келгуси йилда маҳсулотлар қўшни Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Афғанистон давлатларига экспорт қилиниши назарда тутилган. Шунингдек, 2018 йилнинг май-июнь ойларида халта, полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

 

М.ПИРНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири