Эртага хоккей бўйича тарихий чемпионат бошланади

Хоккей бўйича тарихий биринчи Ўзбекистон чемпионати баҳслари эртага старт олади.
Ўзбекистон тарихида илк бора ташкил этилаётган ушбу мусобақада пойтахтимизнинг “Бинокор”, “Хумо”, “Семурғ” ҳамда “Тошкент Сити” жамоалари иштирок этишади. Ўйинлар пойтахтимизда янги қуриб битказилган “Ice City” спорт-кўнгилочар маскани муз майдонида ўтказилади. Тарихий биринчи чемпионат ўйинлари икки ой давом этиб, мухлислар жами 24 та учрашувга гувоҳ бўлишади.
8 февраль куни “Тошкент Сити” ҳамда “Бинокор” жамоалари ўртасидаги ўйин билан биринчи Ўзбекистон чемпионатига старт берилади. Шундан сўнг майдонга “Хумо” ҳамда “Семурғ” жамоалари чиқишади. Чемпионатнинг расмий очилиш маросими эса соат 18:00да бошланади.
Мунтазам чемпионат ўйинлари 17 март куни якунланади. 20 мартдан эса икки раунддан иборат плей-офф баҳслари бошланади. Унда ўйинлар учта ғалабагача давом этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон хоккей федерацияси 2018 йил 28 мартда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган. Федерациянинг асосий вазифаси – мамлакатимизда хоккей спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, мамлакатимиз ҳудудида ўтказиладиган халқаро мусобақаларни ташкил этишдан иборат.​​

 

ЎзА