Хорижда вақтинча ишламоқчи бўлган фуқарога қандай имтиёзлар бор?

Мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқаролар учун зарур қулайлик яратилган.
Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган брифинг мазкур йўналишда амалга оширилаётган ҳуқуқий тартиб-таомиллар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтиришга бағишланди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва жойларда қонунийликни мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётир.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Сурхондарё вилояти филиали, “Ипотекабанк” ва “Алоқа банк” вилоят филиаллари, Термиз халқаро аэропорти ва Термиз темир йўл вокзали масъул ходимлари соҳада рўй берган ўзгариш ва янгиликлар, имтиёзлар ва улардан қонуний фойдаланиш тартиби хусусида атрофлича маълумот берди.
– Конституциямизда фуқароларнинг эркин иш танлаш ҳуқуқи белгилаб қўйилган, – дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Д.Шодиев. – Кейинги йилларда мамлакатимизда меҳнат фаолиятини давом эттириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларга бир қатор имтиёзлар қўлланилмоқда. Уларнинг айримлари яратилган бу имкониятлардан бехабарлиги боис муаммоларга дуч келаётир. Мазкур тадбир ана шу имтиёзлар ҳақида аҳолига янада кенг тушунча бериш мақсадида ташкил этилди.
Брифингда таъкидланишича, ўтган йили вилоят адлия бошқармаси, туман-шаҳар бўлимларига меҳнат муносабатлари ва иш ҳақи билан боғлиқ 280 мурожаат келиб тушган. Ҳозиргача уларнинг 220 га яқини ҳал этилган. Айни пайтда Адлия вазирлиги томонидан бу борадаги муаммоларга чек қўйиш учун меҳнат ҳуқуқлари бўйича электрон аноним сўровнома ўтказилмоқда.
Вилоятда хорижга чиқиб, вақтинча меҳнат фаолиятини давом эттирмоқчи бўлган фуқароларнинг йўлдаги хавфсизлигини таъминлаш учун Термиз шаҳрида темир йўл ва авиа чипталарни чегирма билан сотишга ихтисослашган кассалар ишга туширилди. Чипта харид қилишда чет элга ишлаш учун кетаётган ҳар бир фуқарога йилига бир марта ёрдам пули бериш жорий этилди. Шунингдек, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан баланд бўлмаган фоизда бир йиллик муддат билан 8 минг долларгача кредит олиш имконияти яратилган. Бундай имтиёзлардан фойдаланиш учун мамлакатимиздан ташқарида вақтинча ишлашга жўнаётган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан шартнома тузиб, уни тақдим этиши белгилаб қўйилган.
Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятда 76 мингга яқин фуқаро хорижга чиқиб кетган. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шартномаси асосида улардан 7 мингдан ортиғи мазкур имтиёздан фойдаланиб, арзон нархдаги авиа ва темир йўл чипталари харид қилган. Хорижда вақтинча меҳнат қилиш истагини билдирган 22 фуқаронинг ҳар бирига “Ипотекабанк” орқали 8 минг долларгача имтиёзли кредит маблағи расмийлаштирилган. “Алоқабанк” вилоят филиалида 10 мингдан кўпроқ фуқарога “визамигрант” картаси очилган.
Тадбирда ташқи меҳнат миграцияси масалалари билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича олиб бориладиган тарғибот-тушунтириш ишларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА