Ўзбекистонда биринчи маротаба Халқаро армия ўйинлари ўтказилади

“Халқаро армия ўйинлари-2019” танловининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биринчи марта ўтказилади.
Ўтган йилги “АрМИ-2018” ўйинлари Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Хитой ва Россия каби давлатларда 28 йўналиш бўйича ўтказилган бўлиб, унда дунёнинг 32 мамлакатидан келган ҳарбийлар иштирок этган эди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари эса 12 йўналишда қатнашиб, умумжамоа ҳисобида 6-ўринни қўлга киритган.
Ўтган йилги ўйинларда “Ҳарбий-тиббий эстафета” беллашувида иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий поликлиника терапевт-шифокори, тиббий хизмат капитани Лариса Холмаматова ҳарбий шифокорлар ўртасида ўтказилаётган “Махсус кўникмалар” яккалик баҳсида иккинчи ўринни қўлга киритган эди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ҳудудида биринчи маротаба бўлиб ўтадиган Халқаро армия ўйинлари Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати​​

 

ЎзА