Ўзбекистон олимпия термасининг бош мураббийи аниқ бўлди

Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийлиги учун сербиялик мутахассис Любинко Друлович билан олиб борилган музокаралар ижобий якунланди.

Бугун Миллий Олимпия қўмитасида Друлович билан расман шартнома имзоланди. Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, мураббий Любинко Друлович ва унинг ёрдамчилари ҳамда ЎФА мутасаддилари иштирок этишди.

Маълум бўлишича, сербиялик мутахассисга мураббийлар штабида ҳамюртимиз Равшан Ҳайдаров ёрдам беради. Бу бежиз эмас, негаки Равшан Акмалович мамлакат олимпия терма жамоаси аъзолари имкониятларини жуда яхши билади. Друлович олдига олимпиячиларимизни Токио-2020 олимпиадасига олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сербиялик мураббий ЎФА раҳбариятига билдирилган юксак ишонч учун миннатдорлик билдириб, зиммасига юкланаётган вазифани бажариш учун астойдил интилишини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг томонлар расман шартнома имзолашди. Маросим якунида эса Друловичга эсдалик либоси тақдим этилди.

Любинко Друлович билан келишув Токио-2020 олимпиадасига қадар амал қилади.

Маълумот учун:

Любинко Друлович – 1968 йил 11 сентябрда туғилган

Фуқаролиги: Сербия

Мураббийлик даражаси: УЕФА “ПРО” дипломи эгаси (2007 йил)

Энг катта ютуғи: Сербия U-19 терма жамоаси билан Европа чемпионатида ғалаба қозонган

Мураббий сифатида эришган ютуқлари:

Ангола Суперкубоги Ғолиби – “Агосто” ФК 2010-2011

Европа U-19 Чемпионати ғолиби – Сербия 2013

“Партизан” ФК билан Европа лигаси иштирокчиси – 2015-2016

Шахсий ютуқлари:

Сербияда йилнинг энг яхши мураббийи – 2013 йил.

 

ЎзА