Бахшиларнинг биринчи халқаро фестивали Термизда бўлади

Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган камчилик ва муаммолар очиқ-ойдин айтилди.

Мурожаатномани тинглаб, давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат иқтисодий, сиёсий, маънавий юксалиш сифатида дунёни кенгроқ англашимизга хизмат қилиб, тафаккуримизда ва ҳаётимизда катта ўзгаришларга сабаб бўлаётганини янада теран ҳис этдик.

Президентимизнинг “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Шу мақсадда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш керак”, деган ташаббуси тарихимиз ва маданиятимизни пухта ўрганиш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг миллий маданиятимиз ва санъатимиз истиқболи йўлида қабул қилаётган фармон ва қарорлари маданиятимиз тарихи, унинг равнақида янги саҳифаларни очмоқда.

Ўтган давр мобайнида қадимий ва ноёб дурдоналаримиз ҳисобланган мақом, бахшилар ва достончилик санъатининг эътибордан бироз четда қолаётгани афсусланарли ҳолатлардан бири эди. Миллий маданиятимизнинг туб илдизи ва жон томири бўлган мумтоз қўшиқчилик ҳамда халқ ижодиётининг дурдоналарини асраб-авайлаш борасидаги амалий ғамхўрлик боис санъатнинг ушбу турларини янада ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари наинки мақом ижрочилари ва бахшилар, балки мусиқа ихлосмандлари кўнглини шод этди. Бу ҳужжатлар миллий санъатимиз тарихини янада чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш, асл санъатни сохтадан ажрата олиш, шунингдек, бахшичилик ва достончилик санъатининг қадимий намуналарини асраш ва ривожлантириш, ёшлар қалбида бебаҳо меросимизга ҳурматни кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришда кенг имкониятлар яратмоқда.

Марказимиз томонидан Халқаро бахшичилик санъати фестивали ва унинг доирасида ўтказиладиган илмий-амалий анжуман борасида бир қатор диққатга сазовор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Ўзбекистон бахшилари” номли китоб-альбом нашрга тайёрланиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиш учун “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйига топширилди. Мазкур китобга дунёга тенгдош бахшичилик санъатини асрдан асрларга, аждодлардан авлодларга олиб ўтган атоқли намояндалар – Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Бекмурод Жўрабой ўғли, Умир шоир Сафар ўғли, Бола бахши, Раҳматулла Юсуф ўғли, Қодир бахши Раҳимов ва мустақиллик йилларида бахшичилик санъатини тарғиб қилиб, халқимиз орасида ҳурмат қозонган 23 нафар Ўзбекистон халқ бахшилари ҳамда ёш бахшиларнинг ижодий фаолияти киритилди.

Шунингдек, юқорида қайд этилган қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида фестивални тарғиб этишга мўлжалланган ўзбек, рус ва инглиз тилларида видеоролик тайёрланди. Юртимизда фаолият олиб бораётган қарийб 240 нафар бахшининг рўйхати шакллантирилди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази ҳамкорлигида телевидение ва радио архивида сақланаётган бахшилар ижросидаги достонларни магнит тасмалардан замонавий формат – CD ва DVD дискларга ўтказиш йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар 20 нафар бахши ижросидаги достонларнинг аудио дисклари тайёрланди. Ушбу аудиоёзувдаги достонлар қоғозга туширилиб, рисолалар тайёрланмоқда. Ҳозиргача 10 та достон китоб ҳолига келтирилди.

Шунингдек, Марказ томонидан ушбу анжуман тўғрисида маълумот бериш мақсадида МДҲ мамлакатлари ҳамда бошқа хорижий давлатлардаги тегишли ташкилот ва муассасалар билан алоқалар ўрнатилиб, мазкур фестивалда 100 га яқин хорижий давлатлар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда. Айни пайтда ушбу йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган 30 нафар хорижлик олим анжуманда иштирок этиш истагини билдириб, ўз маърузасини тақдим этди. Улар орасида АҚШ, Германия, Россия, Хитой, Япония ва Туркия каби йирик мамлакатлар вакиллари борлиги барчамизни хушнуд этмоқда. Бундан ташқари, фестиваль ва анжуман ҳақидаги анонслар уч тилда марказимиз сайтига жойлаштирилди.

Халқаро фестивални мунтазам ёритиб бориш мақсадида www.bakhshi.uz веб-сайти ишга туширилиб, мазкур сайтга бахшилар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уларга доир фото, видео ва аудио материаллар жойлаштирилди. Ушбу сайтда халқаро фестивалда иштирок этиш учун онлайн аризалар қабул қилиш ҳам йўлга қўйилди.

Президентимизнинг бахшичилик санъатини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга оид қарори кўҳна тарихимизнинг сўнмас оҳангларини бутун дунёга эшиттириш ва бу ноёб санъатнинг ўзига хос ижрочилик услуби ва хусусиятларини намойиш этиш учун барча имкониятларни яратади. Келгусида бахшиларимиз дўмбираси оҳангини, ўзбек халқ достонларидаги ибратли ва ҳикматли инсонпарварлик ғояларини мадҳ этувчи қўшиқларни дунё аҳли тинглайди. Фестивалга ташриф буюрадиган чет эллик меҳмонлар бой тарихимиз билан яқиндан танишиб, қалбларга фақат эзгулик улашувчи дўмбиранинг ноёб оҳангини ва бахшиларнинг юксак маҳорати билан инсонни комилликка етаклайдиган халқ оғзаки ижодининг нодир дурдоналаридан баҳра оладилар.

Бахшиларнинг биринчи халқаро фестивалини 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари ўтказиш режалаштирилган. Фестиваль Термиз шаҳрида бўлиб ўтади.

Азамат Ҳайдаров,
 
Республика маданият муассасалари
фаолиятини ташкил этиш илмий-методик
маркази директори, профессор.

 

 

ЎзА