Жонкуяр мақом устаси 70 ёшда

Жонкуяр мақом устаси 70 ёшда

Шаҳрисабзда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби, устоз санъаткор, миллий мақом санъатимиз фидойиси Элмурод Боймуродовга 70 ёшлик юбилейи муносабати билан Президент совғаси – янги хонадон калити топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорнинг шогирдлари, дўстлари, соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Элмурод Боймуродов 1949 йилда Шаҳрисабз туманининг Мираки қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтида (Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) таҳсил олди. 1971 йилда институтнинг режиссёрлик бўлимини муваффақиятли тамомлаб, Қори Зокир Содиқов номидаги Шаҳрисабз шаҳар халқ театрига ишга келди. 2014 йилга қадар, яъни 43 йил давомида ана шу театрда режиссёр бўлиб ишлади. У театрда режиссёрлик иши билан бирга, 1972 йилдаёқ Шаҳрисабзда мақом ансамблини ташкил этди. У мунтазам равишда ансамбль фаолиятига ёш истеъдодларни жалб этиб, уларга мақом сирларини ўргатиб келди.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан айнан Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманига асос солинишида Элмурод Боймуродовнинг ҳам хизмати бор. Ярим аср давомида унинг шогирди бўлган жуда катта авлод етишиб чиқдики, ўз ижодлари воситасида мақомнинг ҳақиқий жозибасини, сеҳрини, сиру синоатини кенг ёйиб келмоқда. Бу бугун Шаҳрисабзнинг мақом диёрига айланишига омил бўлган асосий жиҳатлардан биридир.

– Бугунги эътирофдан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди Э.Боймуродов. – Санъатнинг нонини ейиш осон эмас, айниқса, мақом йўналишида. Мақом қўшиқларини ўрганиб, уни ижро этишга ҳар кимнинг ҳам журъати етмайди. Бунинг учун ижодкордан жуда катта мусиқий илм, овоз, маҳорат талаб этилади. Мақомни ёшларга ўргатиш эса янада машаққатли иш. Шогирдларим кўп. Умуман, бугунги ёшлар санъатга жуда қизиқувчан. Бунинг устига кейинги йилларда миллий мақом санъатимизни ривожлантириш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани, санъат аҳлига имконият ва имтиёзлар, шарт-шароитлар яратилаётгани таҳсинга лойиқ. Ёш санъаткорларимизнинг келажаги порлоқ. Худо хоҳласа, биз тарбиялаётган ёшлар келажакда бундай имкониятлардан унумли фойдаланади ва ўзбек миллий мақом санъатини янада юксакларга кўтаради.

Тадбирда Элмурод Боймуродовнинг кўп йиллар давомида маданият, санъат соҳасида амалга оширган ишлари, хизматлари ҳақида сўз юритилди.

Устоз санъаткорнинг шогирдлари, дўстлари, оила аъзолари томонидан қилинган мусиқий чиқишлар тадбирга янада завқ бағишлади.

2.jpg

8.jpg
9.jpg

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

  25.01.2019, 08:44  |    142 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!