Клаус Мангольд, “Mangold” консалтинг гуруҳи раиси:

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг дунёга тобора очилиши, Германия, қолаверса, Европа Иттифоқи учун ҳамкорлик йўлидаги катта имкониятдир. Мазкур форум ҳам немис ишбилармонларининг Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқишидан далолат беради. Бу орқали қишлоқ хўжалиги, кимё, озиқ-овқат, нефть ва газ саноати соҳаларида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш имконияти туғилади. Германия ишбилармонлари бу жараённи жадаллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиш истагида.

Ўзбекистонда айни пайтда кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлаётганига гувоҳман. Мамлакатингиз эндиликда Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий ўсишига туртки бўлиши лозим. Бугунги тадбир Германия Президентининг мамлакатингизга ташрифи билан давом этиб қолмай, балки немис ишбилармонлари делегациясининг жорий йил кузидаги ташрифи билан боғланиб кетади.

Штефан Эккерт, “Ҳумана” корхонаси бошқаруви директори:

– Биз уч ярим йилдан буён Ўзбекистондаги шериклар билан фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Мақсадимиз Ўзбекистон бозорида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ҳиссамизни қўшишдир. Биз болалар озиқ-овқатлари ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳамизни амалга ошириш баробарида витаминларга бой маҳсулотларга бўлган талабни ҳам қондириш истагидамиз. Нафақат хомашёни қайта ишлаш, балки жаҳон стандартларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бордик ва икки томонлама келишувларга эришдик. Галдаги вазифамиз молиявий ва техник масалаларни ҳал қилиб лойиҳани ишга тушириш.

Стефан Енч, “Обермайер“ компанияси директори:

– Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро келишув имзолаганимиздан хурсандмиз. Навбатдаги учрашувларда техника соҳасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари тўғрисида келишиб оламиз. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун инфратузилмани ривожлантириш энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Тадбирга 300 га яқин ишбилармонлар ташриф буюргани бизни ҳайратда қолдирди. Бу дастлабки ҳамкорлигимиз учун яхши кўрсаткичдир. Биз нафақат техника соҳасида ҳамкорлик қиламиз, балки мамлакатларимиз ўртасида алоқаларни ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Бу эса биз ишбилармонлар учун мамлакатингизда лойиҳаларимизни режалаштиришга пухта замин яратади.

Андрей Новицкий, BCG-Бостон консалтинг гуруҳи ҳамкори ва бошқарувчи директори:

– Ўзбекистонда BCG билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳалар амалга оширилди. Ҳамкорлик Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини тадқиқ этишдан бошланган эди. Унинг доирасида ўнлаб хорижий сармоядорлар ва юзлаб маҳаллий тадбиркорлар ўртасида сўров ўтказилди. Мақсад қайси йўналишларда илғор мамлакатлардан фарқли жиҳатлар мавжудлиги, қайси йўналишларга ўзгартиришлар киритиш кераклигини аниқлашдан иборат эди. Шунга кўра, қонунчиликнинг солиқ, божхона, экспорт-импорт соҳалари бўйича ўзгартишлар киритишга оид таклифлар дастури ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда мана шу ўзгаришларнинг илк самаралари намоён бўлмоқда. Натижада Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиш ортиб бормоқда, немис компаниялари ҳам юртингизга инвестиция киритиш юзасидан шартномалар имзолашга тайёр.

Сара Борелла, ГФР Савдо-саноат палаталари ассоциацияси олий кенгаши аъзоси:

– Форум доирасида ГФР Савдо-саноат палаталари ассоциацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим қадамлардан биридир. Савдо-саноат палаталари ассоциацияси ГФРдаги йирик уюшма бўлиб, унинг вазифаси корхоналарни бирлаштириш ва ташқи бозорга чиқишига кўмаклашишдан иборат.

Биз Ўзбекистонга муҳим мамлакатлардан бири сифатида қараймиз. Палатамиз немис корхоналарига инвестиция киритиш ва ўзаро товар айланмасини оширишда кўмаклашади. Келгусида Германия ва Ўзбекистондаги барча компаниялар ўзаро ҳамкорлик қилиши, янги шериклар топиб, улар билан шартномалар имзолаши, ўзаро товар айланмасини ошириши учун барча имкониятларни ишга соламиз.

Стефан Хайд, “Roland berger“ компанияси вакили:

– Дунёнинг 50 мамлакатидан 2 мингдан зиёд маслаҳатчи фаолият олиб бораётган компаниямиз бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси билан қўшма лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Автомобиль йўллари тармоғи хусусий капитални жалб қилувчи манбадир. Шу боис, биз ўз тажрибамизни давлат хусусий шерикчилиги муносабатлари асосида йўлга қўйиш ниятидамиз.

Зузана Франц, ODDO BHF (Франция – Германия молиявий хизматлар гуруҳи) минтақалараро бошқаруви директори:

– “Ўзсаноатқурилишбанк” билан 50 миллион евролик лойиҳани молиялаштириш учун битим имзоладик. Ўтган йили савдони молиялаштириш, ғазначилик, мутахассисларни ўқитиш соҳалари бўйича ўзбек корхоналари билан ҳамкорликда ишлаш, сармоядорларни жалб қилиш мақсадида юртингизда бўлдик. Келгусида муваффақиятли ҳамкорлик қилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги энг ишончли мамлакат. Сўнгги йилларда юртингизда юз бераётган ўзгаришлар кўпчилик сармоядорларни ўзига жалб этмоқда. Хусусан, хусусий сектор соҳаси ҳамда саноат корхоналаридаги кўплаб сармоядорларимиз Марказий Осиёга инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон банклари билан бирга уларнинг режаларини амалга ошириш ва мамлакатингиз иқтисодиётига инвестициялар жалб қилишда кўмак кўрсатамиз, деган умиддамиз.

 

ЎзА