Мората “Атлетико”га ўтяпти, Игуаин эса “Челси”га

Жорий қишки трансфер ойнасидаги энг шов-шувли ўтишлар Лондоннинг “Челси” клуби билан боғлиқ бўлади шекилли. Гап шундаки, жамоа ҳужумчиси Альваро Мората фаолиятини ўзи туғилиб ўсган шаҳар Мадридда давом эттиради. Бу ҳақда Cadena Cope нашри хабар қилди.
“Матрасчилар” уни мавсум охирига қадар ижарага олишяпти. Агар Мората “Атлетико” ўйин услубига киришиб кетса, кейинчалик клуб ҳужумчининг трансфер ҳуқуқини сотиб олиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, иқтидорли ҳужумчи Антонио Конте даврида “Челси” жамоасига катта мақсадлар билан олиб келинган эди, аммо Маурисио Сарри даврига келиб Мората таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйди. Шу боис клуб раҳбарияти захира ўриндиғида қолиб кетаётган катта маошлик ҳужумчини ижарага бериб юбормоқда.
Ўз ўрнида лондонликлар сафига ҳуқуқий жиҳатдан “Ювентус”га тегишли аргентиналик ҳужумчи Гонсало Игуаин кўчиб ўтаяпти. Италия матбуоти тарқатган хабарларга кўра футболчи ҳозирда ижара асосида тўп тепаётган “Милан”даги жамоадошлари билан хайрлашган ва клуб базасидаги нарсаларини ҳам олиб кетган.
Кутилишича, Игуаин бугун ёки узоғи билан эртага Лондонда тиббий кўрикдан ўтади. Шундан сўнг ҳужумчи “Челси” билан мавсум охирига қадар ижара шартномасини имзолайди. Келишувга кўра аргентиналик ҳужумчи аристократларнинг ўйин услубига мос келадиган бўлса, клуб уни 36 миллион еврога сотиб олиши мумкин.

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА