ПСЖдан голлар ёмғири, “Монако” эса ҳамон инқирозда

Франция чемпионатининг 21-тур ўйинлари голларга бой бўлди. Бунда асосий ролларни сўнгги йилларда мамлакат футболида етакчиликни қўлга олган клублар “Пари Сен-Жермен” ва “Монако” бажариб беришди.
Томас Тухель бошқарувидаги ПСЖ ўз уйида чемпионат аутсайдери “Генгам”ни қабул қилди ва рақиб дарвозасига оз эмас, кўп эмас нақд 9та (!) гол уришга муваффақ бўлди. Ҳисобга қараб рақиб жамоа ўйинни камчилик бўлиб ўтказганми, деган хаёлга боришингиз ҳам мумкин. Йўқ, ундай эмас, шунчаки парижликларнинг ўйини очилиб кетди. Биринчи бўлимда меҳмонлар дарвозасини уч марта ишғол қилган ПСЖ танаффусдан кейин яна олти маротаба муваффақият қозонди.
Ғолиб жамоа сафида Эдинсон Кавани ва Килиан Мбаппе хет-трик қайд этишган бўлса, Неймар ўз номини икки бор таблога ёздириб қўйди. Яна бир гол эса захирадан майдонга тушган ҳимоячи Томас Мёнье ҳисобига ёзилди. Бу билан “Пари Сен-Жермен” футболчилари “МЮ” мухлисларига огоҳлик қўнғироғини чалишган бўлса ажаб эмас. Негаки тез орада бу икки клуб Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида тўқнаш келишади. Қисқаси, Сульшер бошчилигидаги “қизил иблислар”нинг ғолибона одимига Тухель муносиб жавоб берди.
“Монако” эса Леонардо Жардимни истеъфога чиқариб ҳам омадсизликлар ботқоғидан чиқиб кетолмаяпти. Аввалига Тьерри Анри жамоада юқори малакали ўйинчилар танқислигидан нолиётган эди, аммо қишки трансфер ойнасида таркибга бир қатор футболчилар қўшиб олинди. Чунончи, “Челси”дан тажрибали футболчи Франсеск Фабрегас, “Шальке”дан эса бразилиялик фахрий ҳимоячи Налдо, шунингдек “Лилль” жамоасидан ҳимоячи Фоде Балло ҳамда Туркия чемпионати иштирокчиси “Антальяспор” жамоасидан ярим ҳимоячи Вильям Венкрелар таклиф этилди. Бироқ, бу ўзгаришлар ҳозирча жамоага ҳеч қандай наф келтирмаяпти.
21-турда ўртамиёна “Страстур”ни қабул қилган “монегасклар” кутилмаганда йирик – 5:1 ҳисобида имкониятни бой беришди. Айнан Налдонинг 7-дақиқадаёқ майдондан четлатилгани бу мағлубиятда асосий омил бўлди, дея Анрини оқлаш мумкиндир. Бироқ, 68-дақиқага келиб меҳмонлар сафида ҳам бир киши, аниқроғи ҳимоячи Стефан Митрович иккинчи огоҳлантириш билан майдондан четлатилди. Шундан кейин ҳам “Монако” вазиятни ўнглай олмади, аксинча ўз дарвозасидан яна бир марта тўп олиб чиқди. Уларнинг бу аҳволини кўриб, наҳотки шу жамоа икки йил муқаддам Франция чемпиони бўлган ҳамда Чемпионлар лигасида ярим финалгача етиб борган, дея ажабланишингиз турган гап. Агар вазият шу зайлда давом этадиган бўлса Анрига ҳам чиқиш эшиклари кўрсатиладими?
21-турнинг қолган ўйинларида қайд этилган натижалар:
“Лилль” – “Амьен” – 2:1
“Ним” – “Тулуза” – 0:1
“Реймс” – “Ницца” – 1:1
“Ренн” – “Монпелье” – 0:0
“Анже” – “Нант” – 1:0
“Кан” – “Марсель” – 0:1
“Бордо” – “Дижон” – 1:0
“Сент-Этьен” – “Лион” – 1:2
Чемпионатда ПСЖ 53 очко билан яққол пешқадам бўлиб турибди. Боз устига уларнинг захирасида яна иккита ўйин бор. 2-ўринда бораётган “Лилль” эса пешқадамдан 13 очкога ортда қолмоқда. Кучли учликни 37 очко билан “Лион” якунлаб беради.
“Монако” клуби эса 15 очко билан ҳамон 19-ўринда бормоқда. Уларни Лига 1да қолиш имконини берувчи 17-ўрин билан атиги уч очко ажратиб турибди.

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА​​