АПЛ: грандларда ғалаба, фақат “Челси” мустасно

Ўтган дам олиш кунлари Англия Премьер-лигасида 23-тур ўйинлари ўтказилди.
Мазкур турда етакчи жамоаларнинг барчаси ғалаба қозонишди, фақат “Челси” бундан мустасно. Боиси, улар 23-турда ҳамшаҳарлари ва Англия грандларидан бири “Арсенал” билан куч синашди. Агар “аристократлар” ҳам зафар қучишганида, у ҳолда Топ-6ликда “тўпчилар” мағлубият аламини тотиб кўришларига тўғри келарди. Хуллас 23-тур тақвими кучлиларнинг барчасига ҳам ғалаба нашидасини суриш имконини бермасди.
Чемпионат пешқадами “Ливерпуль” “Манчестер Сити”дан учралган мағлубиятдан кейин ўзларига келиши қийин кечмоқда. Бу Клопп шогирдларининг “Кристал Пэлас”га қарши кечган ўйинида ҳам тасдиғини топди. Бунгача ҳеч бир жамоа жорий мавсум “Ливерпуль” дарвозасига иккитадан ортиқ гол уришолмаганди. Аммо чемпионат аутсайдерларидан бири Алиссонни нақд уч маротаба ранжитишга муваффақ бўлди. Яхшиямки Клопп жамоасида Муҳаммад Салоҳдек футболчи бор, акс ҳолда…
Оле Гуннар Сульшер бошқарувида фақат ва фақат ғалаба қозониб келаётган “Манчестер Юнайтед” бу сафар ҳам мухлисларини қувонтирди. Улар “Олд Траффорд”да “Брайтон” клуби билан куч синашди ва ўйин тақдири амалда биринчи бўлимдаёқ ҳал этилди. Аввалига Погба 11 метрлик жарима зарбасидан кейин ҳисобни очган бўлса, Далот-Рэшфорд комбинациясидан сўнг Маркус олис бурчакни аниқ нишонга ола билди – 2:0. Иккинчи бўлимда “Брайтон” ҳисобдаги фарқни қисқартиришга эришди, аммо бошқасига уларнинг қурби етмади.
Турнинг марказий ўйинида “Арсенал” ва “Челси” клублари тўқнаш келди. “Эмирейтс”да кечган охирги 12та ўйинда “аристократлар” ғалаба қозона олишмаётган эди. Роман Абрамович жамоаси ўзлари учун нохуш анъанага бу сафар ҳам барҳам беришолмади. 14-дақиқада Ляказетт “тўпчилар”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг “Челси” ташаббусни ўз қўлига олиши кутилганди. Аммо Унай Эмери шогирдлари ўйиннинг боришини назорат қилишди ва биринчи бўлим охирларида Лоран Косельни елкаси билан дарвозани ишғол этиб, ўйинга якуний нуқтани қўйди.
“Манчестер Сити” учун ўтган йил охирларидаги омадсизликлар ортда қолган шекилли, улар ҳеч бир жамоани аяб ўтиришмаяпти. Бу сафар Гвардиола жамоаси чемпионат аутсайдери “Хаддерсфилд”га, боз устига сафарда ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Учрашувни тўлиқ ташаббус билан ўтказган “шаҳарликлар” рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол киритишди. Тўпларга Данило, Стерлинг ва Санелар муаллифлик қилишди. Дарвоқе, Данилонинг голи “Ман. Сити” клуби томонидан 2018-2019 йилги мавсумда барча турнирларда киритилган юзинчи гол сифатида тарихга кирди. Бу борада “шаҳарликлар” Европа клублари орасида яққол пешқадам бўлиб туришибди.
Ва ниҳоят турнинг сўнгги учрашувида “Тоттенхэм” ҳамшаҳарлари “Фулхэм” меҳмони бўлишди. Клаудио Раньери шогирдлари учрашувни фаол тарзда бошлашди. Бу тушунарли, зеро аутсайдерлар сафида бораётган жамоа учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Улар 17-дақиқада ҳисобни очишди, аниқроғи бунга меҳмонлар кўмаклашиб юборишди. Сўнгги вақтларда захира ўриндиғида қолиб кетаётган “шпорлар”нинг испаниялик ҳужумчиси Льоренте шу қадар голга чанқоқ эдики, рақиб дарвозасига йўл топавермагач бехосдан ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Аммо, қолган вақт оралиғида Маурисио Почеттино шогирдлари икки бор муваффақият қозонди ва ғалабани юлиб олишди. Айниқса, Уинкснинг тўпи 90+4 дақиқада киритилгани бу ғалабанинг қийматини оширади.
АПЛнинг 23-турида қайд этилган натижалар билан танишинг:
 
“Вулверхэмптон” – “Лестер” – 4:3
 
“Борнмут” – “Вест Хэм” – 2:0
 
“Ливерпуль” – “Кристал Пэлас” – 4:3
 
“Манчестер Юнайтед” – “Брайтон” – 2:1
 
“Ньюкасл” – “Кардифф Сити” – 3:0
 
“Саутгемптон” – “Эвертон” – 2:1
 
“Уотфорд” – “Бёрнли” – 0:0
 
“Арсенал” – “Челси” – 2:0
 
“Хаддерсфилд” – “Манчестер Сити” – 0:3
 
“Фулхэм” – “Тоттенхэм” – 1:2

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА