ROBOCRAFT – янги лойиҳа

Пойтахтимиздаги “Баркамол авлод” республика болалар экология ва ўлкашунослик марказида болаларга робот ва дастурларни ишлаб чиқишни ўрганиш имконини берувчи RoboCraft курслари очилмоқда.

Болаларнинг айни йўналишдаги билимларини оширишга, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қиладиган синфхона ташкил этилди.

RoboCraft – махсус курслардан иборат бўлиб, машғулотларда ўқувчилар роботларни йиғиш ҳамда уларни дастурлашни ўрганади. Ўқув жараёнида ўзига хос ёндашув асосида олиб бориладиган машғулотлар замонавий таълим моделларига таянган ҳолда ўтилади. Хусусан, курс машғулотлари STEAM методикаси асосида ўтилади. Ушбу таълим модели ўқувчиларга нафақат билим олиш, балки уларни амалда қўллашда ҳам кўмак беради. Бу эса ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириб, ўзи танлаган касбга осон мослашишига замин яратади.

RoboCraft курслари таълим йўналишидаги давлат ва хусусий секторнинг биринчи қўшма лойиҳаси ҳисобланади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги Инновация, технология ва стратегия маркази томонидан хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Мазкур машғулотлар “Баркамол авлод” республика болалар ўлкашунослик ва экология марказида бўлиб ўтади. Марказ ўқув жараёнининг осон, технологик қулай ва қизиқарли ўтиши учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Келгусида мазкур лойиҳа юртимиздаги барча “Баркамол авлод” марказларида жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Дастлабки босқичда ўқувчилар SCRATCH асосида дастурлаш билан таништирилиб, робот-дизайнер Junior E мисолида мехатроника асослари бўйича таълим олади. Шу тарзда алгоритмлаш бўйича асосий билим ва зарур кўникмаларни олиб, шахсий роботларини бошқаришни ўрганади.

Халқ таълими вазирлиги келгусида сармоядорлар билан биргаликда юқори малакали ва рақобатбардош ёш авлодни тайёрлаш мақсадида “Баркамол авлод” марказларини замонавий АКТ воситалари билан жиҳозлашни режалаштирмоқда.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА