Ўзбекистон Президенти – “Жўшқин Гужарат” саммити бош меҳмони бўлади

Ўзбекистонда ҳинд компаниялари томонидан фармацевтика, енгил саноат, таълим, ахборот технологиялари ва туризм каби соҳалардаги сармоявий имкониятлар ўрганилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро инвестиция саммитида Марказий Осиё мамлакатларидан бош меҳмон, шунингдек, Гужаратда бўлиб ўтадиган йирик инвестиция форумида Ҳиндистон ҳамкори сифатида иштирок этади.
Икки кунлик саммит чоғида Президент Шавкат Мирзиёев 18 январь куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар ўтказади.
– Президентимиз ҳукумат ва бизнес делегациялари билан биргаликда “Жўшқин Гужарат” саммитида иштирок этади, – деб маълум қилди Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев.
Ўзбекистоннинг нуфузли делегацияси таркибига Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг йирик компаниялари ва тадбиркорлик суьбъектларининг 60 нафар раҳбарлари кирган.
Элчининг сўзларига кўра, бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги тўрт ой ичида Ҳиндистонга амалга ошираётган иккинчи ташрифидир. Ўзбекистон раҳбарининг 2018 йил октябрь ойидаги давлат ташрифи Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларида янги саҳифа очди, савдо ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун замин яратди.
Икки кунлик саммит асносида Марказий Осиё давлатини ҳинд бизнеси учун янги сармоявий йўналиш сифатида таништириш мақсадида яқинда ташкил этилган Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг илк мажлиси ўтказилади.
– Ўзбекистон инвестициялар киритиш учун қулай мамлакат сифатида намоён бўлмоқда, шу сабабли ҳиндистонлик ишбилармонлар уни табиий ресурсларга бой минтақадаги бизнесни кенгайтириш маркази сифатида эътироф этмоқда, – деди Ф.Арзиев. – Иқтисодиётни либераллаштириш, жадал сиёсий ислоҳотлар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни рағбатлантириш Ўзбекистонни бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун қулай мамлакатга айлантирмоқда.
Сармоявий имкониятлар
– Гужарат фармацевтика саноати маркази ҳисобланади ва бу ерда етакчи фирмалар фаолият юритади. Компанияларимиз савдо ва бизнесни кенгайтириш имкониятларини ўрганиш имконига эга бўлиши учун Ўзбекистон билан Африка мамлакатларини таклиф этганмиз, – деди Гужарат бош котиби, доктор Ж.Н.Сингх. – Фармацевтика тармоғига инвестицияларни жалб қилиш учун Андижон вилоятида Ўзбекистон – Ҳиндистон эркин фармацевтика зонаси ташкил этилмоқда, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Президентининг ўтган йилги давлат ташрифи давомида имзоланган 17 та битимдан биридир.
Ўзбекистонда 30 йиллик муддатда фойдаланиш ва бу муддатни узайтириш имконияти тақдим этилган 18 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган. Улардан еттитаси фармацевтика соҳасида фаолият юритади.
Саммит очилгандан сўнг Бош вазир Нарендра Моди томонидан Ўзбекистон бўйича семинар ўтказилади ва унда Андижондаги Ўзбекистон – Ҳиндистон эркин фармацевтика зонасига алоҳида эътибор қаратилади.
Андижон ва Гужарат ўзаро ҳамкорликни семинар давомида имзоланадиган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида ривожлантиради. Ўзбекистон Президентининг ўтган йилги ташрифидан сўнг “Жўшқин Гужарат” саммити Ҳиндистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг икки томонлама бизнес ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари амалиётга татбиқ этилаётган илк майдонча бўлди.
– Ўзбекистонда 45 мамлакат, жумладан, Ҳиндистон учун ҳам энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий этилган. Дўстона сармоявий муҳит ишончли ҳуқуқий база ва сармоядорлар учун кенг кафолат ва имтиёзлар, жумладан, солиқ имтиёзлари, қулай шартларда ер ва бинолар тақдим этишга асосланади, – деди Ф.Арзиев.

 

ЎзА