Дунёда туризмдан кўрилаётган фойда йилига 1 триллион доллардан ошаркан, Ўзбекистонда-чи?

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича халқаро туризмдан кўрилаётган фойда йилига 1 триллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилар экан. Саёҳатга чиқувчилар сони эса 1 миллиарддан ошиқ ва бу кўрсаткич ҳар йили кўтарилиб боряпти.
Туризм қисқа вақт ичида энг тез ривожланаётган ва сердаромад соҳага айланиб улгурди. Шу боис кўплаб мамлакатлар ушбу соҳани янада тараққий эттириш, тегишли инфраструктурани дунё талаблари даражасига кўтаришга ҳаракат қилмоқда. Буюк Ипак йўлининг марказларидан бирида жойлашган ва тарихий обидаларининг кўплиги жиҳатидан дунёда етакчи ўринларда турадиган, энг эътиборлиси, халқаро сайёҳлик ташкилотлари томонидан “Очиқ осмон остидаги музей” дея эътироф этилган Ўзбекистонда ҳам бу тармоқни ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти.
Соҳани янада ривожлантириш мақсадида сўнгги икки йил ичида давлатимиз раҳбари томонидан муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йили 5 миллиондан ортиқ сайёҳ юртимизга ташриф буюрди. Бу 2017 йилнинг мос даври билан таққослаганда анча юқори кўрсаткичдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Фармонга мувофиқ, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўришимиз зарурлигини қайд этди.
Юртимизда туризм кўпинча қадимий шаҳарлар, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қоляпти. Аммо мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд.
Давлатимиз раҳбари ҳам буни таъкидлаб, 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 7 миллион нафарга етишига, туризм экспортидан келадиган даромад эса 2 миллиард доллардан зиёд бўлишига эришиш лозимлигини таъкидлаган эди.
Бугунги жадаллашув, тезкор ҳаёт ва ўзгаришлар бу соҳада ҳали муаммо ва камчиликлар, қилинадиган ишлар жуда кўплигини кўрсатмоқда. Тармоққа замонавий ахборот технологияларини жалб қилиш энг асосий вазифалардан.
Бугун замон шу қадар шиддат билан ривожланиб бормоқдаки, сайёҳларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳар куни, ҳар соатда янгидан-янги талаб ва истаклар, имкониятлар пайдо бўляпти. Виза режимини янада либераллаштириш, чет эл фуқароларини рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, туризм тармоғини ривожлантириш зарурати ошмоқда.
Туризм мавсумида сайёҳлик инфратузилма объектларининг етишмаслиги, турли транспортларда йўловчиларни ташиш тизимининг етарли даражада мувофиқлаштирилмаганлиги, туристларни мавжуд туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлашни ташкиллаштириш даражасининг пастлиги, ички туризмни, мамлакат ҳудудларидаги маданий мерос объектлари ва зиёратнинг ўзига хосликларини тарғиб қилиш бўйича маркетинг компанияларининг самарасизлиги соҳани жадал ривожлантиришга салбий таъсир қилмоқда. Туризмни авваламбор хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилишимиз зарур.
Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб айрим давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим, электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатини эса янада кўпайтириш белгиланди. 2019 йил 15 мартдан бошлаб эса 30 кунлик амал қилиш муддати бўлган электрон кириш визасининг янги турларини бериш тизими жорий қилинди. Шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистонда турар жой сотиб олиш ҳуқуқи тақдим этилди.
Маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан вазифалар белгиланганини алоҳида эътироф этиш лозим. Чунки ҳаво йўллари хизмати борасида очиқ рақобатнинг йўқлиги, натижада нархларнинг юқорилиги, логистика хизматлари талаб даражасида эмаслиги нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.
Ҳатто кадрлар борасида ҳам талайгина муаммолар мавжуд. Қабул қилинаётган ҳужжатларда белгиланган вазифалар ўз вақтида амалиётга татбиқ этилса, самарали натижаларга эришиш мумкин. Бунга эса ҳаммамиз масъулмиз.
Улуғбек Мусаев, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан
халқ депутатлари Юнусобод тумани Кенгаши депутати

 

ЎзА