Берлин шаҳрида 15 январь куни “Буюк ипак йўли мероси – Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк“ мавзуида халқаро илмий-маданий форум бошланди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи олдидан ташкил этилди.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида“ лойиҳасининг китоб-альбомлари кўргазмаси очилди.

Президентимиз сўзбошиси билан бошланган “Ўзбекистон маданий мероси Германия тўпламларида“ китоб-альбоми тақдимоти барчанинг эътиборини тортди. Ушбу нашр замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган, нафақат ўқиш, балки смартфон орқали махсус тайёрланган видеолавҳаларни 3 тилда томоша қилиш ҳамда осори-атиқаларни 3D кўринишида ўрганиш имконини берадиган илк илмий-оммабоп китоб сифатида Ўзбекистон ноширлиги тарихидан жой олади.

Тадбир доирасида Германиянинг етакчи олим, эксперт, санъатшунослари Берлин, Дрезден, Лейпциг ва Штутгарт шаҳарлари музейларида сақланаётган бой ўзбек санъатига оид тўпламлар тўғрисида сўзлаб берди. Улар орасида Берлин этнология музейида сақланаётган Бухоро амирлиги тўплами, Гамбургдаги Манзарали-амалий санъат музейидаги Баёнқулихон мақбараси ашёлари, Берлин давлат кутубхонасида сақланаётган Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари, Бумиллер тўпламига кирувчи Ўзбекистон маданий-тарихий мероси намуналари, шунингдек, Штутгартдаги Линден музейининг Шарқий бўлимида сақланаётган ноёб тўплам ҳам бор.

– Ўзбекистон маданий меросининг катта қисми айрим тарихий сабабларга кўра хорижга чиқиб кетган. Ўзбек санъатининг ажойиб тўпламлари Берлин, Дрезден ва Лейпциг музейларида сақланмоқда. Масалан, Германиянинг энг кўп ташриф буюриладиган Перам музейида Буюк ипак йўли марказида жойлашган қадимги шаҳристон – Афросиёбнинг бутун дунёга машҳур сопол буюмлари каби бебаҳо дурдоналар мавжуд. Германия миллий кутубхонасида жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз қаламига мансуб ноёб қўлёзма китоблар сақланмоқда. Шу сабабли немис ҳамкасбларимиз билан имкониятларни бирлаштириб, маданий меросимизнинг ҳам Ўзбекистонда, ҳам Европада ўрганилишига янги суръат бағишлайдиган ушбу китобни яратдик, – деди “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида“ лойиҳаси муаллифи ва раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

Германия музейларидаги халқимиз маданияти тўпламлари ҳақида сўз юритганда Шарқ Уйғониш даврида яратилган қўлёзмалар жуда қимматли эканини қайд этиш жоиз.

Берлин давлат кутубхонасининг Шарқ бўлими раҳбари, доктор Кристофер Раух ушбу кутубхонада сақланаётган китобат санъати дурдоналари ҳақида сўзлаб берди.

– Бу ерда намойиш этилаётган қўлёзмаларнинг айримлари ўзбек мумтоз ёзувчилари яшаган ва ижод қилган ҳудудлардан бўлса, айримлари бевосита Ўзбекистондан келтирилган. Масалан, кутубхонамизда XIX асрдан буён сақланиб келинаётган Мирзо Улуғбекнинг астрономик жадваллари. Уларда 38 туркумга кирувчи 1018 юлдуз тўғрисида маълумотлар, шунингдек, юлдуз йили узунлиги келтирилган, – деди у.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон маданий мероси ранг-баранг, турфа, битмас-туганмас бойликдир.

– Биз ўзбек санъатига оид тўпламимиз билан фахрланамиз, – дейди Пергам музейи таркибига кирувчи Ислом санъати маркази директорининг ўринбосари доктор Уте Франке. – Тўплам у қадар катта бўлмаса ҳам, тарихий ва бадиий жиҳатдан биз учун ғоят қадрлидир.

 

ЎзА