Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти 2018 йил якунлари ва 2019 йилдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

Парламентаризм соҳасидаги янги тузилма ҳисобланган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ўтган қисқа давр мобайнида салмоқли ишларни амалга оширди. Ўтган йилда институт томонидан 64 та қонун лойиҳаси, Олий Мажлис палаталарининг 5 та қарори лойиҳаси, 31 та қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва 185 ахборот-таҳлилий маълумотнома тайёрланди.

Институт қисқа вақт ичида депутатлар ва сенаторларнинг яқин кўмакчисига айланди. Уларнинг cўровларига кўра, 150 дан зиёд ахборот-таҳлилий материал тайёрлаб берилди.

Институт Туркия, Германия, Шимолий Ирландия ва Қирғизистон парламентларининг тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолади.

Матбуот анжуманида институт масъул этиб белгиланган “Mening fikrim” веб-портали ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ўтган давр мобайнида фуқаролардан келиб тушган 190 дан зиёд электрон жамоавий мурожаат порталга жойлаштирилган. Етарли овоз тўплаган 7 та жамоавий мурожаатнинг 4 таси бўйича ваколатли органнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Институт 2019 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари муҳокама этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА