Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистон Республикасига амалий ташрифига доир​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун 2019 йил 17-18 январь кунлари ушбу мамлакатда амалий ташриф билан бўлади. 
Давлатимиз раҳбари саммит ялпи сессиясида нутқ сўзлайди, шунингдек, Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлиги, халқаро ва минтақавий сиёсат масалаларини муҳокама қилиш учун Бош вазир Нарендра Моди билан музокаралар ўтказади.
Бош вазир Нарендра Моди ташаббуси билан 2003 йилдан буён Гандинагар шаҳрида ўтказиб келинаётган «Жўшқин Гужарат» саммити минтақадаги энг йирик халқаро форум ҳисобланади. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, халқаро ташкилот ва трансмиллий корпорациялар раҳбарлари, етакчи таҳлилчилар, экспертлар иштирок этади.
Анъанага кўра, глобал иқтисодиётни ривожлантириш, савдо соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, инвестициялар жалб қилиш, илғор технологиялар ва билимлар алмашишга доир долзарб масалалар форум иштирокчилари диққат марказида бўлади. ​

 

ЎзА