Россия ва Ўзбекистон ўртасида таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича битим имзоланади

Маълумки, ҳозирда Россия Федерациясида 25 000 га яқин ўзбек ўқувчи-ёшлар таълим олмоқдалар ва ҳар йили улар сони ўртача 7500 га ошиб бормоқда. Икки давлат ёшларининг мобиллигини ривожлантириш, уларга таълим олишлари учун муносиб шароит яратиш, таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш тизимини янада соддалаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати билан музокаралар олиб борди.
 
photo5326040540220860986.jpg
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизматининг маълум қилишича, делегация Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳузуридаги Миллий аккредитация агентлиги фаолияти билан яқиндан танишди ва агентлик томонидан ташкил этилган аккредитация экспертларининг йил якунига бағишланган семинарида иштирок этди. Музокаралар чоғида таълим муассасаларини аккредитацияси бўйича тажриба алмашилиб, аккредитация жараёнига экспертларни танлаб олиш ва жалб этишда Россия тажрибасидан фойдаланиш, икки мамлакат ўртасида экспертларни ўзаро алмашиш орқали аккредитация жараёнларини биргаликда ўтказиш ҳамда қўшма аккредитацияланган олий таълим муассасалари филиаллари ва қўшма дастурларини тўғридан-тўғри тан олиш амалиётини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Шунингдек, Давлат инспекцияси делегацияси Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ва Россия Федерацияси Фан ва таълим вазирлигининг мутахассислари билан биргаликда “Россия Федерацияси ҳукумати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида таълим ҳужжатларини, малакавий ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш бўйича ҳукуматлараро Битим” лойиҳасини ишлаб чиқди. Ишчи гуруҳ учрашуви бўйича тегишли баённома расмийлаштирди ва тайёрланган Битим лойиҳасини дипломатик каналлар орқали ҳар иккала томон Ҳукуматларига киритиш белгилаб олинди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжатнинг имзоланиши икки давлат ўртасида таълим ҳужжатларининг тўғридан-тўғри тан олиниши, ёшларнинг билим олишларидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш (Россияда ҳужжатларни нострификация қилиш 45 кунгача вақтни олади) ва уларнинг ҳар йили тахминан 800 000 АҚШ доллари миқдордаги маблағлари тежалишини таъминлайди.
Ўзбекистон делегацияси Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳузуридаги Бош экспертиза марказига ташриф буюрди ва унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Давлат инспекцияси ва Бош экспертиза маркази ўртасида музокаралар олиб борилди ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида нострификация жараёнларида мавжуд электрон маълумотлар базаларидан фойдаланиш, мутахассислар малакасини ошириш, семинарлар ўтказиш ва таълим ҳужжатларини тан олиш муддатини 20%га қисқартиш имконини беради.
Шунингдек, вакилларимиз Жаҳон банкининг Москва офисида Вашингтон, Тошкент ва Москва ўртасида ўтказилган видеомулоқотда иштирок этди. Йиғилишда Ўзбекистоннинг 2021 йилда PISA халқаро тадқиқотларида иштирок этишига тайёргарлик кўриш мақсадида Россия тажрибасидан унумли фойдаланиш ва бу жараёнга россиялик экспертларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Жаҳон банкининг мутахассислари ушбу дастурда иштирок этишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. 2019 йил февраль ойида Ўзбекистондан 30 нафар педагоглар Москва шаҳрида малака оширишлари бўйича амалий келишувга эришилди.​​

 

ЎзА