​Қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2018 йилдаги фаолияти ва жорий йилдаги устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Сенатнинг тўртта ялпи мажлисида қўмита фаолияти йўналишларига тааллуқли 5 та қонун кўриб чиқилди. Ҳар бир қонунни муҳокама қилишда фуқаролар, кенг жамоатчилик, жойлардаги сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эътиборга олинди. Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси кун тартибига қўмита томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни киритилди. Шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунлар ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқилди ва тегишли хулосалар тақдим этилди.
Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлаш қўмита фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши ҳисобланади. Жисмоний ва юридик шахслардан Қўмита аъзоларига 5 минг 900 дан ортиқ мурожаат келиб тушди, 14 минг 600 дан зиёд фуқаро қабул қилинди ва аҳоли билан 492 та учрашув ўтказилди. 2018 йилда бевосита қўмитанинг ўзига 679 та мурожаат келиб тушган. Улар асосан ички ишлар органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолияти ҳамда ҳарбий соҳага тааллуқлидир. Келиб тушган мурожаатларнинг 230 дан ортиғи давлат органларида кўриб чиқилган ва ижобий ҳал этилган.
Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш, хизмат муддатини узайтириш ва хизматдан бўшатиш билан боғлиқ қатор муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, ўрганилди ва ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юборилди. Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбирда қўмита фаолиятининг 2019 йилдаги устувор йўналишлари хусусида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, жорий йилги Давлат дастурида бевосита қўмита фаолиятига тааллуқли хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилади.
Айниқса, долзарб масалалар ечими юзасидан парламент сўрови институти имкониятларидан янада кенг фойдаланиш, ўтказилаётган эшитувлар таъсирчанлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Мудофаа доктринасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати ваколатига тааллуқли масалалар ҳарбий округларда ўрганилиб, натижалари қўмита мажлисида атрофлича муҳокама этилади.
“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонун ва божхона назоратини такомиллаштиришга қаратилган бошқа қонун ҳужжатлари, шу жумладан, божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳолати Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти бошқармаси постларида ижро этилиши ўрганилади.
Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотлари қўмита мажлисларида эшитилади ҳамда натижалари бўйича Сенатнинг ялпи мажлисларида эшитиш тавсия этилади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА