Озарбайжон делегацияси Ўзбекистондаги давлат хизматлари марказлари фаолиятига юксак баҳо берди

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар Давлат агентлиги делегацияси билан учрашди.
Мазкур делегация Ўзбекистоннинг давлат хизматлари тизимини йўлга қўйиш ва унинг фаолияти, аҳоли билан ишлашни ташкил этишга доир тажрибасини ўрганиш, шунингдек соҳадаги инновацион ёндашув борасида тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган.
IMG_0019.JPG
Маълумот учун: Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар Давлат агентлиги – «ASAN» хизмати аҳолига 11 та вазирлик ва бошқа ташкилотларнинг 300 дан зиёд хизматларини тақдим этувчи ташкилот ҳисобланади.
Томонлар халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик, давлат хизматлари соҳасида қўшма тадбирларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, бу фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқасининг янги босқичини бошлаб бергани қайд этилди. Мазкур марказлари фуқароларга 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатмоқда. Ҳозирги вақтда давлат-хусусий шериклик асосида минтақаларда давлат хизматлари марказларининг замонавий бинолари қад ростламоқда.
IMG_9989.JPG
Олис ҳудудлар аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида “мобиль” ёки кўчма давлат хизматлари кўрсатиш тизими жорий этилди.
Озарбайжон делегацияси республикамизнинг ҳар бир туманида ташкил этилган давлат хизматлари марказлари фаолиятига юксак баҳо берди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар давлат хизматлари соҳасидаги инновацион ёндашувлар бўйича тажриба алмашишни янада кенгайтиришга келишиб олди.
Томонларнинг фикрича, ушбу тадбирларни амалга ошириш икки мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратади.

 

Муаттар Рўзибоева, ЎзА