Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 октябрь куни хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини янги сифат даражасига кўтариш, хусусийлаштирилган тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиcи, Бош вазир ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимизда хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда. Давлат органлари билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилган. Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил қўллаб-қувватлаш бўйича ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирган аҳоли вакилларига ҳар томонлама кўмак бериш бўйича долзарб вазифалар белгиланган.

Президентимиз вилоятларга ташриф чоғида хусусийлаштирилган корхоналар эгалари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани, корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослашган ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилмаётгани, маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга замонавий технологиялар жорий этмаётганини танқид қилди.

Мамлакатимизда хусусийлаштирилган корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда мунтазам таҳлил қилиб бориш, фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш ишлари тизимли йўлга қўйилган.

Бу борада илгари хусусийлаштирилган қарийб 40 минг объект ўрганилиб, уларнинг 3 минг 900 таси бўш тургани ёки тўлиқ ишлатилмаётгани аниқланган. Ушбу объектларнинг 2 700 таси фаолиятини қайта тиклаш ёки улар негизида янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиш бўйича лойиҳалар ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Ушбу лойиҳалар доирасида 2,7 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 25 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Бугунги кунгача 420 корхона фаолияти қайта тикланди, йил якунигача яна 1 800 объектда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бўлмоқда.

Йиғилишда давлат қўмитаси томонидан бажарилган ишлар таҳлил қилинар экан, корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш, коммуникация тармоқларига уланиш ва тижорат банкларидан кредит ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича қилинаётган ишлар қониқарсиз, деб баҳоланди.

Мутасаддиларга мулк эгалари билан биргаликда ишламай турган 1 минг 200 объект фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳалар ва “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.

Жорий йилда 408 давлат объекти хусусий мулкдорларга сотилган. Уларнинг 278 таси 1,6 триллион сўмлик инвестиция киритиш ва 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматида берилган.

Бугунги кунда яна 388 давлат объекти сотувга қўйилган бўлиб, уларнинг 161 тасини “ноль” қиймат бўйича бериш режалаштирилган.

Йиғилишда хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти ва молиявий-иқтисодий аҳволини мониторинг қилиш, уларни кредит ва моддий ресурслар билан таъминлаш, мавжуд муаммолар ва уларнинг сабабларини аниқлаш, муҳандислик ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш, бозор топишда тадбиркорларга амалий кўмак бериш масалаларига давлат идоралари томонидан етарлича эътибор қаратилмаётгани таъкидланди.

Рақобат муҳити ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, биржа фаолиятини лицензиялаш, замонавий кадрларни тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳага энг ривожланган давлатлар тажрибасини татбиқ этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мавжуд камчиликларни бартараф этиш, истиқболга белгиланган вазифалар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди.

 

ЎзА