Президентимиз Тойлоқ туманидаги “Pet Agro Oil” қўшма корхонасида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди

Мамлакатимизда аҳолини сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат билан таъминлаш, кенг турдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, мазкур тармоқ корхоналарида замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 19 январдаги “Ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
photo5316905956531088260.jpg
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва қадоқлашга ихтисослаштирилган “Pet Agro Oil” қўшма корхонаси 2017 йилда Шимолий Ирландиянинг “Nortec Estate LLP” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг “Tony Green” фирмаси томонидан ташкил этилган.

Айни пайтда корхона фаолиятини кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Италия, Австрия, Туркия, Швейцария, Ҳиндистон, Болгария ва Хитой давлатларидан 7 миллион долларга замонавий технологиялар келтириб, ўрнатилди. Қурилиш-монтаж ишларига 3 миллион доллар сарфланди.

Корхона тўлиқ қувват билан ишлагач 800 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланади. Бу ерда кунига 350 тонна ўсимлик ёғи, 3 минг тонна томат пастаси, 2 минг 500 тонна олма концентрати ишлаб чиқарилади.

Шу ернинг ўзида Самарқанд вилоятига бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг Туркия, Хитой ва Испания давлатларидаги элчилари ҳамда Афина шаҳридаги Бош консули кўмагида амалга ошириладиган лойиҳалар, шунингдек, “Azia Metall Prof” қўшма корхонаси томонидан “Ургут” эркин иқтисодий зонасида тунукани рух билан қоплаш, қайта ишлаш ва полимеризациялашни ташкил этиш, “Afrosiyob Parranda” MЧЖ томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар, интенсив боғ барпо этиш, вилоятда ташкил этилаётган пахта-тўқимачилик кластерлари, сув тежовчи технологиялар ва уларнинг афзалликлари, томчилатиб суғориш, паррандачиликни ривожлантириш, вилоятга хорижий инвестицияларни жалб қилиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарига Хитойнинг “Henan Wanbang Selected Supply Chain Management Co. LTD” компанияси томонидан чорвачилик кластерини қуриш бўйича лойиҳа концепцияси, Булунғур, Жомбой ва Пайариқ туманларида чорвачилик кластерига танланган ер майдонлари, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти кенгайтириш вазифалари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Самарқанд туманидаги “Afrosiyob Parranda” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида омихта ем ҳамда премикс ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган. Сурхондарёда 2019 йилнинг тўртинчи чорагида 6,6 миллион евро эвазига йилига 50 минг тонна омихта ем тайёрлайдиган корхона барпо этилади. Натижада элликка яқин иш ўрни яратилади.

Президентимиз Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги элчихонаси томонидан қишлоқ хўжалиги учун дори воситалари ва ўғитлари, томчилатиб суғориш ускуналари ва эҳтиёт қисмлари, трактор, полипропилендан ип-калава, сендвич панель ишлаб чиқариш, Самарқанд шаҳрида 130 ўринли меҳмонхона қуриш лойиҳалари билан таништирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Испания қироллигидаги элчихонасининг замонавий қурилиш материаллари, иссиқхона қуриш учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, пахта учун томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини ишлаб чиқариш заводи қуриш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларнинг асоси, самарадорлиги билан қизиқди. Улар юзасидан тегишли кўрсатмалар бериб, хорижий тажрибани ўрганиш, керак бўлса, чет элдан консультантлар жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Самарқанд вилоятида 37 минг гектардан зиёд лалми ер фойдаланилмаётгани, уларни ишга солиб, аҳолини иш ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.

 

Умар Асроров, ЎзА