Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланмоқда

Фарғонада “Ўзбекистон – Хитой: минтақалар ҳамкорлиги” деб номланган фотокўргазма иш бошлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилаётгани таъкидланди. Хусусан, ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Фарғона вилояти ва Хубэй, Шаньдун провинциялари ўртасида дўстлик алоқалари йўлга қўйилгани тадбиркорлар учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда. Бугунги кунда вилоятда Хитой капитали иштирокида 60 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудлар ишбилармонларининг ҳамкорликда бизнес форумлар ўтказиши мунтазамлик касб этган. Ўтган йилда вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб, кўплаб самарали шартномалар тузишга эришилди. Шунингдек, вилоят делегацияси Хитойнинг Хубэй провинцияси маъмурий маркази Ухань шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро биродар шаҳарлар конференциясида иштирок этди. Хитойнинг бир қатор провинцияларидаги йирик компаниялар раҳбарлари, тадбиркорлар ҳам вилоятга ташриф буюрди ва бир қатор инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳаракатлари бошланди.

Бугунги кунда маданий алоқалар ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан Хитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида яқин муносабатлар ўрнатилиб, сўнгги 3 йилда 30 дан зиёд фарғоналик журналист ўзаро тажриба алмашиш учун Хитойга борди, 31 нафар хитойлик журналист эса Фарғонага келди.

Вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида ташкил этилган мазкур фотокўргазма Ўзбекистон – Хитой дўстлик муносабатлари, минтақалараро ҳамкорликдан ҳикоя қилади. Айниқса, Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган қўшма корхоналар фаолияти, вилоят делегациясининг ташрифи, Хитойнинг турли провинцияларидан олинган суратлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Фарғонада сопол плиткалар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этганмиз, – дейди “Мoderna ceramic indusries Ferghana” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси таъсисчиси Го Ли Хонг. – Айни кунларда бу ерда 300 киши меҳнат қилмоқда, маҳсулотлар экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Ўтган йили иккинчи босқич ишга туширилган бўлса, жорий йилда яна 3 та лойиҳани амалга ошириш ҳаракатидамиз. Бугунги фотокўргазма иқтисодий-маданий алоқалар янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

1.JPG

4.JPG
9.JPG

 

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА