Нукусда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги ҳамда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда яшаётганининг 80 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида ўтказилган тадбир Қорақалпоғистон Республикасидаги корейс, рус, украин, қозоқ, туркман миллий маданий марказлари томонидан ташкил этилган кўргазма билан бошланди. Турли миллат вакилларининг ўз тарихи, санъати, либослари, маданий мерос намуналари намойиш этилган кўргазма барчада катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари халқларимиз манфаатига хизмат қилаётгани, Президентимиз раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикасида 50 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этмоқда. Айни пайтда Оролбўйи минтақасида 6 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, ривожлантириши учун барча шароит яратилган.

– Ота-боболаримиз 1937 йили Қорқалпоғистон Республикасига кўчиб келган, – дейди Қорақалпоғистон корейс миллий маданий маркази раиси М.Когай. – Ўша даврда асосан балиқчилардан иборат 1 минг 383 оила, яъни 6 минг 826 киши Мўйноқ, Қўнғирот ва Хўжайли туманларига жойлаштирилган. Улар минтақада, айниқса, шоличилик ривожига муносиб ҳисса қўшган. Селекционерларимиз томонидан бу экиннинг “Авангард”, “Нукус-2” каби эртапишар, серҳосил навлари яратилиб, мўл ҳосил етиштирилган.

Қўнғирот туманида Пак Гук, Қанликўл туманида Хе Нам, Ли Чун, Чимбой туманида Ким Бон, Ким Моисей, Қораўзак туманида Ким Виктор каби уста деҳқонлар ҳудудда шоли етиштириш бўйича ўзига хос мактаб яратган.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатаётган туркман, қозоқ, рус, украин, корейс миллий маданий марказлари қошидаги бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг мустақиллик, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА