Ўзбекистон Республикаси Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котибини қабул қилди​

​Ўзбекистон Республикаси Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котибини қабул қилди​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 январь куни жорий йил 1 январдан бошлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимига киришган Владимир Норовни қабул қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти​ Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси вакилининг шундай юқори ва масъулиятли лавозимга – ШҲТ Бош котиблигига тасдиқланиши тарихий воқеа эканини таъкидлади.
Биринчи марта мамлакатимиз фуқароси халқаро ташкилотнинг раҳбари этиб тайинланди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон Президенти очиқ ва конструктив мулоқот учун самарали майдон, кўп қиррали ҳамкорликнинг таъсирчан механизми, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳим омилига айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига юқори баҳо берди.
ШҲТнинг асосий ҳужжатларида мустаҳкамланиб қўйилган мамлакатларнинг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва давлат чегараларининг дахлсизлигини ўзаро ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, тенглик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш каби тамойилларнинг асосий роли қайд этилди.
Ўтган давр мобайнида кўп томонлама ҳамкорликка доир салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилди, ШҲТнинг 30 яқин ишчи органи муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда.
Хорижий давлатлар ҳамда халқаро тузилмаларнинг мазкур нуфузли ташкилот билан шериклик муносабатларини йўлга қўйишга қизиқиши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Мамлакатимиз Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ишга солинмаган улкан салоҳияти мавжудлигига алоҳида эътибор қаратди. Хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт коммуникациялари, туризм, қишлоқ хўжалиги ҳамда минтақалараро ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш келгусидаги устувор йўналишлар сифатида қайд этиб ўтилди.
Мамлакатимизда Ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази таъсис этилди, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил қилинмоқда.
Ўзбекистон томонининг ташаббусига мувофиқ Циндао саммити якунида ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ҳамда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракат дастури қабул қилинди.
Учрашув сўнгида давлатимиз раҳбари В.Норовга ШҲТ Бош котиби лавозимида омад ва муваффақият тилади.

 

ЎзА

  04.01.2019, 14:53  |    293 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!