Инновацион ўқув-семинар таълимни ривожлантиришга хизмат қилади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида икки кунлик ўқув-семинар бўлиб ўтмоқда.

Бу одатий ёки анъанавий машғулот эмас. Гап шундаки, қишки таътил вақтида тизимдаги раҳбарлар, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари мутахассислари иштирок этаётган семинар таълим соҳасидаги ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ечими ҳақида интерактив усулларни қўллаган ҳолда ўтказилмоқда.

Асосий мақсад – умумтаълим мактабларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш орқали ўқувчилар томонидан содир этилиши мумкин бўлган турли ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, ўқувчилар онгида ватанпарварлик ҳиссини ривожлантириш ҳамда таълим-тарбияга масъул бўлган мутасадди ходимларнинг малакасини оширишдан иборат.

Ўқув-семинарда фарзанд таълим-тарбияси, Ўзбекистонда давлат ва диннинг ўзаро муносабатларида амал қилинадиган асосий тамойиллар, ёшларда бурч ва масъулиятни шакллантиришда “оила – маҳалла – таълим муассасаси“ ҳамкорлиги каби йўналишларда қилиниши лозим бўлган ишлар таҳлил этилмоқда. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, халқ таълими тизимида ҳар томонлама етук, баркамол авлодни тарбиялашнинг долзарб масалалари, узлуксиз маънавий тарбия, бу борадаги хорижий тажриба, ҳуқуқий таълим-тарбияни шакллантириш самарадорлигини оширишда инновацион технологияларни қўллашнинг аҳамияти каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарга тайёргарлик жараёнида ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида 12 та мавзуни қамраб олган видеоресурслар яратилди ва интернет тармоғига жойлаштирилди. Умумтаълим мактабларида учинчи чорак бошлангунга қадар педагогик жамоа учун мазкур ресурслардан фойдаланган ҳолда видеосабоқлар ташкил этилади.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА