Халқ фаровонлигининг ёрқин тимсоли

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлидаги дастуриламал бўлди. Унда мамлакатимизнинг 2018 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, ислоҳотлар самараси, эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилиб берилиши баробарида Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Таъкидлаш жоизки, бир йил муқаддам мамлакатимиз тарихида илк марта Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тақдим этилган эди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган ушбу дастуриламал даражасидаги нутқ асосида якунланаётган йилда улкан ютуқларга эришилди, бу давлатимиз раҳбарининг нутқидаги факт ва рақамлар билан кўрсатиб берилди.
Навбатдаги Мурожаатномада ҳам барча соҳа ва йўналишлар бўйича ўртага ташланган масалалар Ватанимиз келажагига дахлдорлиги билан ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Жумладан, 2019 йилда солиқ сиёсатини амалга оширишда эскирган чора-тадбирлардан воз кечилиши, ислоҳотлар даврида давлат тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатиши учун бюджет барқарор бўлиши кераклиги, 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилиши эса бу борадаги кенг кўламли амалий ишларга мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Мурожаатномада 2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилгани, бу, ўтган йилга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан эса 32 баробар кўп бўлгани, бунинг натижасида аҳолининг реал даромадлари ошганлиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш ижроси мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очади, халқимизнинг янги, янада юксак марраларни қўлга киритишида пойдевор бўлиб хизмат қилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тақдим этилган Мурожаатномада баён қилинган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигининг ёрқин тимсолидир.
Адҳамжон Маҳмудов​,
Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси
бошлиғининг ўринбосари

 

ЎзА