Ўзбекистон-Тожикистон: қўшни давлатга ўтиб-қайтувчилар сони бир неча баробарга ошди

Сўнгги бир йилда Ўзбекистондан Тожикистонга ўтиб-қайтувчилар сони бир неча юз баробарга кўпайди. Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган «Ойбек» чегара божхона пости орқали бир кунда қўшни давлатга ўтиб-қайтувчилар бир неча баробарга ошди.
Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради. Бу икки миллат ўртасидаги қариндош-уруғчилик, қуда-андачилик, биродарлик боғичи шу қадар мустаҳкамки, буни халқларимизга нисбатан айтилган «Икки тилда сўзлашувчи бир халқ», таърифидан ҳам билиш мумкин.
9.JPG
Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўтган йил 17 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келгани тарихий воқеа бўлди.
Икки давлат ўртасида тарихий алоқаларнинг қайта тиклангани, айниқса, йиллар давомида қариндош-уруғлари, дўстлари ва яқинлари билан дийдор кўришиш имконидан бебаҳра бўлган одамларнинг ҳаётида туб бурилиш ясади. Чегарадаги ўтказиш пунктлари очилгани, мамлакатларимиз ўртасида транспорт қатнови тиклангани кўп минг сонли дийдор соғинган қалбларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этмоқда.
12.JPG
– Бундан бор-йўғи икки йил муқаддам чегара божхона постимиз орқали бир кунда Тожикистонга кўпи билан 600 нафаргача йўловчи ўтиб-қайтган, – дейди «Ойбек» чегара божхона пости бошлиғи, подполковник Зиёдулла Ражабов. – Айни пайтда эса постимиз орқали бир кунда 3 мингдан 5 минг нафаргача йўловчи ўтиб-қайтмоқда. Бу албатта, Президентлар, хусусан Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан виза режимининг қулайлаштирилгани, чегара постларида кўрсатилаётган хизматлар сифатининг оширилиши натижасидир.
Дарҳақиқат, Президентмизнинг 2018 йил 14 мартдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2018 йил 9 март куни имзоланган фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битим тасдиқланди. Қарорга мувофиқ, 2018 йил 16 мартдан бошлаб Тожикистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз сафар қилишлари мумкин бўлди.
– Биз бошқа-бошқа давлатлар фуқаролари бўлишимиз мумкин, аммо комил ишонч билан айта оламанки, бизлар бир халқмиз, – дейди тожикистонлик Маҳмуджон Раҳмонқулов. – Ўзимдан қиёс, гўзал Вахдат заминида 70 ёшни қаршилаяпманки, бир оёғим Андижонда. Ҳозир ҳам Андижондан келаяпман. Янги йилни тоғаларим, холаларим, аммаларим, хуллас яқин қариндош-уруғларим даврасида кутиб олдим. Энди айтинг-чи, мен каби бир тожикистонликнинг бутун қариндош уруғи Ўзбекистонда бўлса, ва ёки аксинча бир ўзбекистонликнинг яқинлари, жигарлари Тожикистонда бўлса, қандай қилиб биз бегона, бошқа-бошқа бўлишимиз мумкин.
«Ойбек» чегара божхона пости орқали ҳаракатланувчи фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида божхона пости замонавий божхона аппаратлари, кузатув камералари, техник назорат воситалари ва жиҳозлари билан таъминланган. Ёш болали йўловчиларнинг қулай ҳаракатланиши, божхона пости орқали ўтиб-қайтувчиларга зарур ҳолларда тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, кутиш залида меҳмонларни кутиш учун барча зарур шароит яратилган. Масканда фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар ва моддий бойликлар меъёри ҳамда валюта қимматликлари тўғрисидаги маълумотлар ўзбек, тожик ва рус тилларида жойлаштирилган.
– Ўғлим фарзандлик бўлибди, неварамни кўргани Тожикистонга кетаяпман, – дейди қозоғистонлик 73 ёшли Гулбуви ая Шорасулова. – Дийдор ширин, яқинларинг ғанимат. Борай десанг, йўл азоби, бир томондан кексалик, бошқа томондан эса бир дунё ҳужжат. Айни шу боисдан авваллари ҳа деганда дийдорлашиш имконимиз йўқ эди. Ишонгим келмайди, бир пасда Чимкентдан Тошкент ошиб, Тожикистон остонасидаман. Яна бир пасдан сўнг жигарларим бағрида бўламан. Бундай шароит яратиб бергани учун, аввало, Оллоҳим бош қилган давлатларимиз раҳбарларига мингдан-минг раҳмат.

 

А. Худойқулов​, ЎзА