Мурожаатнома: мамлакат ривожидаги истиқболли вазифалар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирлари юртдошларимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Shuhrat Cho'liyev.jpg

Шуҳрат Чўллиев, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ 

масалалари қўмитаси аъзоси:

– Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган одил судлов тизимини яратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ишларда намоён бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу каби масалаларга алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритди.

Жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, ягона суд амалиётини йўлга қўйиш, айрим тоифадаги оғир жиноятларнинг Олий суд судьялари томонидан кўриладиган ягона суд амалиётини шакллантириш лозимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқбузарликка қарши кураш бўйича ҳар қайси ҳудуд ўз тажрибасини яратиши кераклигини қайд этди. Тизимда эски ва самарасиз бошқарув усулидан воз кечиш, “Маҳалла посбони” лавозимини тугатиш, унинг ўрнига профилактика инспекторининг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклифини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича ишларни давом эттириш зарурлигини қайд этди. Тўғри-да, ахир ўзингиз ўйланг, Жиноят ва Жиноят процессуал кодекслари қарийб 25 йил олдин қабул қилинган. Уларни бугунги замон талабларига мослаштириш керак.

Aziz Abduhakimov2.jpg

Азиз Абдуҳакимов, 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси 2019 йилда ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган фаолиятимиз йўналишларини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди. Унда соҳалар кесимида бажарилиши керак бўлган устувор вазифаларнинг аниқ кўрсаткичлари акс этган.

Бугун мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда. Аммо бу ижтимоий соҳанинг иккинчи даражага тушишини англатмайди. Мурожаатномада мамлакатимизда иқтисодий юксалишни таъминлаш орқали ижтимоий соҳани тараққий эттириш устувор вазифа бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари туризмнинг кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликларимиз доирасида чекланиб қолаётганини таъкидлади. Тиббиёт туризми, зиёрат туризми ва экотуризмни ривожлантириш борасида барча имкониятлар ишга солинмаяпти.

Шу боис, Мурожаатномада сайёҳликни ривожлантириш учун барча вазирлик ва идоралар имкониятларини сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий концепциясини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифаси топширилди.

Sherzod Shermatov.jpg

Шерзод Шерматов, 

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири:

– Президентимиз эътиборимизни илм-фан соҳасига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилган давлатларда ривожланишнинг юқори суръатлари кузатилаётганига қаратди. Биз, соҳа ходимлари инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, ёшларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз зарур.

Мурожаатномада қиёсий таҳлил келтирилиши билан бирга, мамлакатимизда умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш бўйича вазифалар ҳам кўрсатилди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 2019 йилда мамлакатимизда таълим сифатини баҳолашга доир халқаро изланишларни, ёшларнинг ижодкорлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш, хусусий мактаблар ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланишга кенг ўрин берилади.

Ўз навбатида, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, таълим дастурлари ва ўқитиш услубларини халқаро стандартларга яқинлаштириш ҳам кун тартибидаги асосий вазифамиз бўлиб қолади. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимизни «Таълимга киритилган инвестиция – келажакка киритилган сармоядир!» тамойили асосида ташкил этамиз.

Ilhom Abdullayev.JPG

Илҳом Абдуллаев, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, 

ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари 

масалалари қўмитаси раиси:

– Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат ва жамият қурилишининг турли соҳаларида самарали натижаларга эришиш учун илғор замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш зарурлигига ҳам эътибор қаратди. Рақамли иқтисодиётнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва 2020-2030 йилларга мўлжалланган «Рақамли Ўзбекистон» ривожланиш дастурини қабул қилишни таклиф этди.

Agrepina Shin.JPG

Агрипина Шин, 

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири:

– Президентимиз биз, соҳа мутахассислари олдига болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини узлуксиз ошириш вазифасини қўйди. Бу, аввало, замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни давом эттириш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳисобига амалга оширилади.

Мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнида жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этишга қаратилган ишларни давом эттирамиз.

Шуни таъкидлашни истардимки, мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш механизмларини тубдан такомиллаштиришда олдимизга қўйган долзарб вазифаларни 2019 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирамиз.

Azizbek Ikromov.jpg

Азизбек Икромов, 

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида олиб борилган ишларга алоҳида тўхталди.

Бу ўринда ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлик принципларига, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришдек устувор тамойилларга таянган ҳолда, мамлакатимиз Мудофаа доктринасининг сифат жиҳатидан янгиланганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Шунингдек, Президентимизнинг алоҳида қарорига кўра илк бор ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти йўлга қўйилди. Соҳага ихтисослашган корхоналарни бирлаштирадиган Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилди.

Мурожаатномада бу борадаги ишларни янада чуқурлаштириш, жумладан, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни амалий мазмун билан бойитиш кераклиги қайд этилди.

Шуни алоҳида эътироф этаман – Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг сифатли амалга оширилиши Қуролли Қучлар тизимини модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Svetlana Ortiqova.jpg

Светлана Ортиқова, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Сенати Раисининг ўринбосари:

– Мурожаатноманинг бир-икки жиҳатига тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчидан, кадрлар сиёсати ҳали шакллангани йўқ. Кадрлар салоҳияти талаб даражасида эмас. Етук мутахассислар етишмаяпти. Ушбу масала устида сизу биз ишлашимиз керак. Президентимиз ҳам бу бўйича аниқ вазифалар берди. Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун, аввало, давлат хизматчилари фаолиятини холисона баҳолаш бўйича самарали тизим жорий этиш зарур.

Яна бир жиҳат – бизда вазирлик ва идоралар фақат жорий масалаларни ҳал этиш билан банд. Лекин эртага, истиқболда қандай вазифалар долзарблашишини прогноз қиладиган тизим йўқ. Бизда шундай таҳлилчилар, экспертлар борми? Йўқ, афсуски. Президентимиз ушбу масалани ечиш бўйича аниқ таклифни берди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида алоҳида Эксперт кенгаши ташкил этиш, унга хорижий мамлакатларнинг нуфузли олимлари ва амалиётчиларини жалб қилиш белгиланди. Маҳаллий экспертлар ҳам бу кенгашга қўшилади, албатта.

Esemurat Kanniyazov.JPG

Есемурат Каньязов, 

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари:

– Мурожаатномада ижро ҳокимияти тизимини ислоҳ қилиш, унинг фаолиятини оптималлаштириш масаласига эътибор қаратилди. Ўтган йили Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинган эди. Бу ҳам ижро ҳокимияти билан фуқаролар ўртасидаги муносабатларни белгилаб берадиган асосий ҳужжат бўлди. Унда яқин келажакдаги вазифалар белгиланган.

Мурожаатномада қўйилган вазифалардан яна бири бир-бирининг фаолиятини такрорлайдиган, ортиқча давлат функцияларини бажарадиган органлар фаолияти ва ўрнини кўриб чиқиш, ортиқча бўғинларни қисқартиш масаласи бўлди. Вазирлар Маҳкамаси ва унинг таркибидаги идоралар фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, ижро ҳокимиятининг барча даражадаги раҳбарлари ишига холисона баҳо бериш вақти келди, деб таъкидлади Президентимиз.

Яна бир асосий масала давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш ҳисобланади. Яъни, бу ерда кўпроқ хусусий сектор ривожланишига имконият яратиш лозим. Шунингдек, давлат томонидан “ақлли” бошқариш тизимини жорий қилиш, давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга бериш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалалари эътибор марказида бўлди. Ўйлайманки, бу борада барча масъуллар ўзларига аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олди.

Alisher Sadullayev.jpg

Алишер Саъдуллаев, 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши 

раиси биринчи ўринбосари:

– Президентимизнинг Мурожаатномасида ёшлар билан ишлаш устувор вазифалардан экани таъкидланди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳам ўз олдига аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олди. 2019 йилда “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан ёш тадбиркорларга ажратилаётган маблағларни кўпайтириш шу мақсадлардан биридир.

Ibrohim Abdurahmonovich2.jpg

Иброҳим Абдураҳмонов, 

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири:

– Мурожаатномадаги топшириқлар, қўйилган устувор вазифаларни ўтаётган йилдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин. Келаси йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилишида жуда катта маъно бор. Сабаби инвестицияларсиз ҳеч қачон инновация бўлмайди.

Президентимиз вазирлигимизга қатор топшириқлар берди. Энг муҳими барча кучимизни, билимимизни инсон капиталини ривожлантиришга сарфлашимиз керак. Чунки инсон капиталини кучайтиришга эътибор берсак, биз жаҳон аренасидан мустаҳкам ўрин эгаллаймиз. Бу нима дегани? Бу – қуйи бўғинлар, яъни, мактабгача таълим, мактаб, олий таълим, керак бўлса илмий фаолиятимизга янгича қарашлар, янгича ёндашувларни киритишимиз керак.

Sodiq Safoyev.jpg

Содиқ Сафоев, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 

Раисининг биринчи ўринбосари:

– Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасини диққат билан тингладик. Ўтаётган йил мобайнида Ватанимиз равнақи йўлида қилинган ишлар ҳаммамизда юксак ғурур уйғотади. Шу билан бирга, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳозир кўкракка уриб мақтаниш даври эмас. Биз олдимизда турган ишлар ҳақида чуқур ўйлашимиз керак.

Ҳозирги даврда олдимизда турган масалалар юқори малакани, чуқур билимни, янгича ёндашув ва дунёқарашни талаб этади. Биринчи навбатда минтақамизда, Ўзбекистоннинг теварак-атрофида тинчлик, барқарорлик ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим бўлган муҳитни вужудга келтириш керак. Бу, албатта, ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалар билан боғлиқ бўлган фаолиятга бевосита дахлдор. Бу борада айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Биринчиси, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясида сўзга чиқиб, Оролбўйи минтақасида вужудга келган оғир экологик вазиятга бутун халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини жалб этди. Бир йил ўтмасдан БМТ шафелигида кўп томонлама шериклик асосида Оролбўйи минтақаси учун траст фонди ташкил этилди.

Марказий Осиёда дўстлик ва ишонч муҳити яратилди. Ўзбекистон билан минтақанинг бошқа давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида қўшни давлатлар билан савдо айланмаси ўртача 50 фоизга ўсди.

Келаётган 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинаяпти. Бу ниҳоятда муҳим. Давлатимиз раҳбари айтганидек, бугунги кунда инвестициялар иқтисодиётнинг юрагидир. Шу сабабли бугун дунёда инвестицияларни жалб этиш учун аёвсиз рақобат мавжуд. Бу рақобатда биз муваффақиятга эришишимиз учун нафақат шиору даъватлар, балки янгича ёндашув, малакали мутахассислар, янгича дунёқараш керак.

Мурожаатномада экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу кескин ўзгариш. Бизда кўп йиллар мобайнида асосан импорт ўрнини босиш сиёсати олиб бориларди. Лекин қисқа даврда катта ютуқларга эришган Жанубий Корея, Япония, Сингапур каби давлатларнинг муваффақияти айнан экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантиргани билан белгиланади.

Sunnatulla Bekenov.JPG

Суннатилла Бекенов, 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича 

давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

– Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тингладик ва тегишли вазифаларни белгилаб олдик. 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши биринчи навбатда бизнинг фаолиятимизга дахлдор. Буни чуқур англаган ҳолда масъулият билан ишлашимиз, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажаришимиз талаб этилади. Узоқни кўра биладиган, халқнинг фаровон турмушини ўйлайдиган, барқарор иқтисодни ривожлантиришга эътибор қаратадиган раҳбар доимий равишда инвестиция ҳақида ўйлайди ва гапиради.

Tolibjon Madumarov2.jpg

Толибжон Мадумаров, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини 

кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси:

– Мурожаатномада давлат бошқарувидаги барча ислоҳотларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Маълумки, 2018 йилда Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида давлат бошқарувининг янги тартиби жорий этилди. Шаҳар ва туман ҳокимларига ҳудуддаги ижро хизмат соҳалари раҳбарларини тайинлаш ваколати берилди. Бу амалиёт авваллари тизимда бўлмаган. Бу билан самарасиз фаолият олиб бораётган кўплаб комиссия ва кенгашлар тугатилиб, уларнинг ваколатлари тегишли ҳудудий соҳа органига берилди. Ижобий натижа бераётган ушбу амалиётни энди бошқа жойларда ҳам жорий этишимиз зарур. Келгусида ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб энди бекор қилинаяпти.

Rahim Hakimov.jpg

Раҳим Ҳакимов, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик 

масалалари қўмитаси раиси:

– Президентимизнинг Мурожаатномаси мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётини таъминлашга қаратилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз мудофаа тизимида кенг қамровли ўзгаришлар рўй берди. Миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлик даражаси ошиб, хавфсизлигимизга рахна соладиган ҳар қандай таҳдидларга қарши турадиган замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланди.

Келгусида ҳарбий соҳадаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, армиямизнинг жанговар шайлигини ошириш ва мудофаа саноатини янада мустаҳкамлаш, чегаралар дахлсизлигини таъминлаш ишлари ривожлантирилади. Президентимизнинг Мурожаатномаси бу жараёнда муҳим дастуриламал вазифасини бажаради.

Bahodir Yusupov.jpg

Баҳодир Юсупов, 

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:

– Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муҳим аҳамият қаратди.

Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бу борада давлат фақат иккита амалий восита, яъни, маҳсулотни кафолатли харид қилиш ва субсидия орқали иштирок этиши кераклигини аниқ тушунтириб берди. Хусусан пахтачиликда кластерлар яратилиши икки йил олдин ҳатто тасаввуримизда ҳам йўқ эди. Бугун шу истиқболли тизим илк натижаларни бера бошлади. Бундан ташқари, сабзавотчилик, боғдорчилик ва чорвачиликда ҳам кластерларни ривожлантириш масаласи олдимизда турибди.

Шунингдек, уруғчиликда селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Adham Ikramov.JPG

Адҳам Икромов, 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси:

– Президентимиз бугун нафақат ўзбекистонликларга, балки бутун жаҳон ҳамжамиятига мамлакатимизни ривожлантириш борасида олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни баён этди. Жумладан, иқтисодиётимизда давлат улушини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишларни давом эттиришга эътибор қаратди. Давлат активларини бошқариш маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни мустақил агентлик сифатида қайта ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли вазифалар топширилди.

Sherzod Qudbiyev.JPG

Шерзод Кудбиев, 

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва 

меҳнат муносабатлари вазири:

– Ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадини ошириш ва уларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги бир қатор масалалар Президентимиз Мурожаатномасида ўз аксини топди.

Жумладан, фаол инвестицияларни жалб қилиш минглаб янги иш ўринларини ташкил қилишга ёрдам беради. Ижтимоий ривожлантириш масалалари, албатта, аҳоли бандлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, даромадлар ва турмуш даражаси ошишига олиб келади. Давлатимиз раҳбари 2019 йил учун бандликка кўмаклашиш бўйича янги давлат дастурини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бу борада касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш тизимли йўлга қўйилади.

Mahammed Jumageldiyev.JPG

Мухамет Жумагалдиев, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар 

масалалари қўмитаси раиси:

– Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада иқтисодиётни ривожлантириш бўйича 2019 йилда амалга ошириш лозим бўлган долзарб масалаларни баён этди. Барча вазирлик ва идоралар олдига аниқ ва мақсадли вазифалар қўйди. Албатта, иқтисодиётни ривожлантиришда фаол инвестицияларни жалб қилиш муҳимдир. Шу сабабли инвестицион муҳитни яхшилаш, маҳаллий ва хорижлик инвесторларга қулай шароит яратиш зарур.

Президентимиз 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиб, халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилиш бўйича топшириқ берди. Бу вазифа тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепцияларига ҳам тегишлидир. Ана шу концепциялар асосида узоқ муддатли тараққиёт дастурлари ишлаб чиқиладиган бўлди.

Akmal Saidov.JPG

Акмал Саидов, 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси 

Миллий маркази раҳбари:

– Президент Мурожаатномасида кўтарилган масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг эртасини белгилаб берувчи ғоялардан иборат.

Юртимизда миллий ғоясиз, миллий ўзликни англамасдан туриб, ватанпарварликсиз ҳеч қандай ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмаслиги белгиланди. Шунинг учун айтилаяптики, миллий ғоя Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон телерадиокомпанияси ҳузурида “Ўзбекистон тарихи” телеканалини очиш ташаббуси билан чиқди. Зеро, тарихсиз буюк келажак бўлмайди. Тарихимизни жуда яхши билишимиз керак.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боришини қайд этди.

Zayniddin Nozimxo'jayev.JPG

Зайниддин Низомхўжаев, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни 

сақлаш масалалари қўмитаси раиси:

– Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш, муаммоларни ҳал этишга урғу берилди. Айниқса, бутун дунёни ташвишга солаётган онкологик касалликларнинг ривожланиб бораётганини ҳисобга олиб, айни йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг хорижда малакасини ошириш, шу йўналишда аҳолига хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлар билан таъминлашга эътибор қаратилди.

Шунингдек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласидаги ишлар ҳам таҳлил қилинди. Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозимлигини қайд этди. Бу борада якунига етаётган шу йилда кўрилган қатор амалий чораларга қарамасдан, 13 мингдан зиёд аёлнинг ижтимоий аҳволи мураккаб, эътиборга муҳтожлигини айтиш жоиз. Уларнинг бандлиги ҳали-ҳануз таъминланмаган. Бу борада ана шундай аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш белгилаб берилди.

Bahodir Yusufaliyev.jpg

Баҳодир Юсупалиев, 

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни 

сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

– Президентимизнинг Мурожаатномасида 2019 йилга оид вазифалар белгиланди. Инвестицияларни фаол жалб этсак, иқтисодиётимиз ривожланади. Иқтисодиёт ривожланса ижтимоий соҳага эътибор кучаяди, маблағ сарфлашда муаммолар бўлмайди. Шу жараёнда энг катта эътибор соғлиқни сақлаш тизимига қаратилади. Генофондимизни асраш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш биз учун ҳаётий муҳим масаладир. Тиббиёт тизимини такомиллаштириш, соҳага илғор илм-фан ютуқларини жорий этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш борасида жиддий ишлашимиз зарур.

Халқимизга хос азалий анъаналардан бири – ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашдек эзгу амалларимиз яна давом этади. Бу устувор вазифаларимиздан бўлиб қолаверади. Давлатимиз раҳбари айтганидек: “Иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий ҳимоя бир-биридан ажралмас тушунчалар бўлиб, уларни айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди.”

Inom Majidov.JPG

Иномжон Мажидов, 

Ўзбекистон Республикаси олий ва 

ўрта махсус таълим вазири:

– Ҳар доим ҳар бир мамлакат учун етук кадрлар тайёрлаш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралган. Шу боис, олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратиш, педагог кадрларга эътибор бериш, мутахассислар тайёрлашни кучайтиришимиз муҳим. Буни давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистонда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси ўтган даврда 9-10 фоиз эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли бу кўрсаткич 15 фоиздан ошди. Лекин дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади. Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда бу рақамни 20 фоизга етказиш, келгуси йилларда бу борадаги ишларни янада изчил ошириш муҳим вазифадир.

Олий таълим муассасаларига, реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш тизими жорий этилиши, таълим бериш ва илмий фаолиятни амалга оширишда университет ва институтларимизнинг мустақиллигини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Jamshid Xo'jayev.jpg

Жамшид Хўжаев, 

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири:

– Мурожаатномада Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи савдони либераллаштириш вазифалари белгилаб берилди. Режаларимиз шундан иборатки, 2019 йилда экспорт салоҳиятини 30 фоизга ошириш, яъни, 18 миллиард АҚШ долларига етказишдан иборат. Ўтган йил давомида бу соҳада жуда кўп муҳим қонуний ҳужжатлар қабул қилинди. Экспорт учун тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Солиқ имтиёзлари жорий этилди. Аммо ҳали-ҳануз муаммолар борлигини тан олишимиз зарур. Ўзбекистон экспортда фаол бўлиши, денгиз портларига чиқиш учун икки давлатни кесиб ўтиши керак. Логистика харажатлари қимматлик қилмоқда. Бу бир қадар мураккабликларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун соҳадаги қийинчиликларни ҳал этишга доир вазифалар белгиланди.

Шунингдек, божхона имкониятларини ҳам кўриб чиқиш, барча қулайликларни яратиш йўлида ҳаракат қилиш лозимлиги қайд этилди.

Энди давлат муассасалари бевосита фуқаро билан ишлашга ўтади. Давлат идоралари халққа кўмакчи, тадбиркорларга бизнес ҳамкор бўлиши зарур, деб таъкидлади Президентимиз.

Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

ЎзА