Пойтахтимизда Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг етмиш олтинчи ялпи мажлиси ҳамда XIII халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди.

Мазкур қўмитанинг 2016 йилги йиғилишида “Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта” мавзуидаги анжуманни Тошкентда ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Бу жаҳон пахта ва тўқимачилик саноатининг йирик марказларидан бири сифатида тан олинган Ўзбекистоннинг халқаро мавқеи тобора ортиб бораётганининг яна бир ёрқин далилидир.

Йиғилиш ва ярмарка ишида 50 дан зиёд мамлакатдан 1 минг 500 га яқин мутахассис иштирок этмоқда.

1939 йилда ташкил этилган Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси таркибида Доимий қўмита, Пахта синовининг инструментал услубларини тижорий стандартлаштириш бўйича мақсадли гуруҳ, Пахта ишлаб чиқаришнинг ижтимоий, экологик ва иқтисодий тавсифлари бўйича экспертлар гуруҳи, Биотехнология бўйича экспертлар гуруҳи, Пахта соҳасини ривожлантириш бўйича халқаро форум, Пахтани бирламчи қайта ишлаш бўйича экспертлар гуруҳи каби соҳа равнақида муҳим ўрин тутадиган қатор тузилмалар фаолият юритади.

– Дунёда пахтачилик йўналишида изланишлар олиб бораётган икки юздан зиёд илмий марказ мавжуд, – дейди Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг ижрочи директори Кай Хьюз. – Ўзбекистон пахта саноатини ривожлантириш борасида юксак натижаларга эришмоқда. Мамлакатда истеъмолчиларнинг талабларига жавоб берадиган пахтанинг кўплаб навлари мавжуд.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг энг муҳим тадбирлари реестрига Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси ҳам киритилган. Бу эса ушбу ярмарка дунё миқёсида пахта бозори сиёсатини белгиловчи нуфузли анжуманлардан бири эканидан далолатдир. Ярмарка “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ва “Сифат” маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир доирасида халқаро пахта бозорининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, рақобатбардош саноат хом ашёси етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш, савдо, логистика ва суғурта масалалари юзасидан 16 га яқин сессия ўтказилиши кутилмоқда. Ўзбекистон тажрибаси мисолида ғўза селекцияси, агротехникаси, ҳосилни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, тола сифатини баҳолаш каби масалалар ўрганилади.

Тизимда амалга оширилаётган техник ва технологик янгиланишлар, амалиётга жорий қилинаётган инновацион ишланмалар туфайли толамизнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланмоқда. Бу эса бугунги кучли рақобат шароитида жаҳон пахта бозоридан мустаҳкам жой эгаллашда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2016 йилги мавсумда мамлакатимизда “Олий” ва “Яхши” синфларига мансуб толанинг улуши аввалги йиллардагига нисбатан 10 фоиз ортиб, 92 фоизга етган.

Шунга мос равишда толани қайта ишлаш ҳажми ҳам ортмоқда. Агарда 1990-йиллар бошида мамлакатимизда толанинг атиги 3-5 фоизи қайта ишланган бўлса, ҳозирга келиб, бу кўрсаткич 50 фоиздан ошди. Энг олис ҳудудларда ҳам янги қувватлар ишга туширилаётгани, мавжудлари тубдан модернизация қилинаётгани ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтирмоқда. Мақсад эса ягона, у ҳам бўлса, 2020 йилга бориб толани 100 фоиз ўзимизда қайта ишлашга эришиш, халқаро бозорга қўшимча қийматли, юқори сифатли тайёр маҳсулот етказиб беришдан иборатдир.

Ярмарка стендларидан «Ўзбекенгилсаноат» таркибидаги юзга яқин корхонанинг ип-газлама, бўялган ва аралаш ип-калава, трикотаж мато, пайпоқлар, махсус матолар, махсус кийимлар, тайёр трикотаж ва тикувчилик маҳсулотлари кенг ўрин эгаллаган. Тизим корхоналарининг йиллик экспорти 1 миллиард доллардан ошмоқда. Маҳсулотлар 50 дан ортиқ мамлакатга етказиб берилмоқда.

Ярмарка доирасида илк бор Жанубий Корея ва Ўзбекистон дизайнерлари иштирокида маҳорат дарслари, тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишни кенгайтириш масалалари бўйича семинар ва тренинглар ўтказилиши мўлжалланмоқда. Енгил саноат салоҳияти, жумладан, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турфа либослар намойиши ҳам режалаштирилган.

Сайёра Шоева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА