ЎзАда янги лойиҳа – “ЭЛЧИ МИНБАРИ”

Бугунги шиддатли даврда хорижий давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги элчихоналаримиз олдида ғоят масъулиятли вазифалар турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 11 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолиятига бағишланган мажлисда элчиларимиз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва иш услубини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб, уларнинг зиммасига мамлакатимиз ташқи сиёсатида аҳамиятли бўлган вазифаларни юклаган эди.
Хўш, хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ушбу вазифаларни бажариш бўйича қандай ишларни амалга оширяпти?
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари раҳбарларига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди.
1. Элчи жаноблари, Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлар ва мамлакатимизнинг халқаро ташаббуслари борасида Сиз фаолият юритаётган мамлакат жамоатчилиги, сиёсий ва таҳлилий доиралари, оммавий ахборот вакиллари фикри қандай?
 
2. Сиз раҳбарлигингиздаги элчихона томонидан ушбу мамлакатдаги ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик алоқаларни ривожлантириш борасида қандай ишлар бажарилди?
 
3. 2018 йилда элчихона томонидан кўрсатилган хизматлар, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга доир саъй-ҳаракатлар тўғрисида нима дея оласиз?
 
4. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларга оид лойиҳаларни амалга оширишда хориждаги ватандошларимиз иштирокини таъминлаш, уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?
 
5. Юртдошларимизга элчихонанинг 2019 йилги режалари, янги лойиҳалари ҳақида сўзлаб берсангиз.
Лойиҳанинг дастлабки иштирокчиси:
 
Элчик.PNG
Алишер Абдуалиев,
Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси
УКРАИНА БИЛАН ЎЗАРО ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК МУНОСАБАТЛАРИДА ТУБ БУРИЛИШ КУЗАТИЛМОҚДА
1. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда сўнгги икки йил ичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дунё жамоатчилиги, сиёсатчилар ва таҳлил марказларида қизиқиш уйғотмоқда. Буни глобал характердаги долзарб масалаларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар мисолида ечим топилаётгани билан изоҳлаш мумкин. Хусусан, Президентимизнинг миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, атроф-муҳитни асраш борасидаги ташаббусларини халқаро жамоатчилик қўллаб-қувватламоқда.
Украина жамоатчилиги Ўзбекистон Президентининг ташқи ва ички сиёсатига ҳавас билан қарайди. Уларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароит яратмоқда. Мамлакат ташқи ва ички сиёсатидаги туб бурилишнинг ёрқин натижалари нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа ривожига туртки бўлмоқда.
2. Украинада муайян сабабларга кўра сўнгги тўрт йил давомида кузатилаётган беқарорлик Ўзбекистон – Украина ҳамкорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бир мисол. Ўзаро савдо айланмаси 2013 йилда 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январь – октябрь ойларида савдо айланмаси ҳажми бор-йўғи 363,5 долларга етди.
Иқтисодий ҳамкорликдаги оғир вазиятга қарамасдан, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакатимиз вазирлик ва идоралари билан бирга 2015-2017 йилларда ушбу ҳолатни яхшилаш бўйича манзилли чора-тадбирларни кўрди. Сўнгги икки йилда элчихонамиз томонидан тўқимачилик, чарм-пойабзал, маиший техника, енгил машиналар экспортини рағбатлантириш мақсадида бизнес учрашув ва музокаралар ташкил этилди. Ушбу мулоқотлар чоғида қиймати 120 миллион доллардан зиёд экспорт шартномалари имзоланди. Айни пайтда ушбу битимлар ижроси назоратга олинган.
2016 йилда элчихонамиз ташаббуси билан “Artel” ва “Akfa” маиший техникаларининг Украинага илк экспорти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда Украинанинг 16 ҳудудида ушбу техникалар сотуви ташкил қилинган.
Хабарингиз бор, “Тошкент – Киев“ авиақатнови вақтинча тўхтатилган. Бу мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасидаги фаолиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Сайёҳлик ривожига тўсқинлик қиладиган бундай омилларга барҳам бериш мақсадида 2019 йилнинг иккинчи ярмидан Киев билан тўғридан-тўғри авиапарвозларни тиклаш устида иш олиб борилмоқда.
Кези келганда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолиятига бағишлаб ўтказилган мажлисдан сўнг Украина билан ўзаро иқтисодий ҳамкорлик муносабатларида туб бурилиш кузатилаётганини айтмоқчиман. Бунинг натижасида “қўлларимиз ечилди“, кенг имкониятлар бўй кўрсата бошлади. Ушбу йиғилишдан сўнг нафақат элчиларда, балки вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар фаолиятида элчихоналар билан иш юритиш услуби ўзгарди.
Мажлисда Украинадаги элчихонамиз фаолиятини ташкил этиш ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шундан сўнг 2018 йил февралидан “SamAuto” автобусларининг Украинага илк экспорти бошланди, махсус, мақсадли товарлар экспортини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш учун Украинадаги йирик корхоналар раҳбарларининг мамлакатимизга ташрифи уюштирилди.
Февраль ойида Украина Фанлар академиясининг Боғдорчилик, Балиқчилик, Ўсимлик генетикаси институтлари ва Картошка етиштириш илмий-тадқиқот институти раҳбарлари юртимизга келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда илмий шерикликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришди.
Элчихонамизга Навоий вилояти билан Украина ўртасида бизнесни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси юкланган. Бугунги кунда ушбу мамлакатга елим қувурлар, ҳўл мева ва маиший техника маҳсулотлари экспортини ташкил этиш бўйича келишувлар мавжуд.
Ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Навоий вилояти ҳокими билан Украинанинг Запорожье вилояти раиси, Самарқанд вилояти ҳокими билан Львов вилояти раиси, Қашқадарё вилояти ҳокими билан Сума вилояти раиси, Тошкент вилояти ҳокими билан Харьков вилояти раиси, Жиззах вилояти ҳокими билан Херсон вилояти раиси ўртасида телефон тармоғи орқали алоқа ўрнатилди. Май ойида Сума, Херсон ва Львов вилоятлари раислари ишбилармон доира вакиллари билан Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги вилоят тадбиркорлари сентябрь ойида Львов вилоятида бўлиб, музокаралар ўтказди.
Июнь ойида элчихонамиз ташаббуси билан “Made in Uzbekistan” мавзуида бизнес-форум ва экспортбоп маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Форум доирасида 25 миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари имзоланди. Мулоқотлар натижасида 2007 йилдан буён ўтказилиши қолдириб келинаётган ҳукуматлараро комиссиясининг мажлисини 2019 йилда ўтказишга келишиб олинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев иштирок этди. У ташриф доирасида Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Степан Кубив билан музокара ўтказди.
Жорий йил октябрь-ноябрь ойларида ўзаро савдода келишмовчилик юзага келганди. Уни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Степан Кубив ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди. Мазкур тадбирлар натижасида октябрь ойи ҳолатига кўра, савдо айланмасида 65,6 фоизлик ўсиш кузатилди.
3. Ҳозирги кунда Украина ҳудудида 40 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилиб келмоқда. Шулардан 8 минг 800 нафари элчихонада доимий рўйхатга олинган. Бундан ташқари, Украинадаги олий таълим муассасаларида 2 минг 800 нафар ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда. Фуқароларга узлуксиз хизмат кўрсатиш тизими ишлаб чиқилган. Бунинг учун барча зарур шароит – қабулхона, тиббий ёрдам, она ва бола хоналари, кутубхона ташкил этилган. Ҳар сешанба “Элчининг қабул куни“ ва ҳар якшанба соат 10:00-13:00 гача “Очиқ эшиклар тартиби“ жорий қилинган.
 
4. Элчихонамиз савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги фаолиятни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, савдо-сотиқ ривожи бевосита маданий ҳамкорлик билан боғлиқ.
Элчихонамизда Украинадаги ҳамжамиятлар вакиллари иштирокида турли маданий тадбирлар мунтазам уюштирилади. Жорий йилда Харьков шаҳрида Наврўз байрами нишонланди. Ўзбек миллий маданияти ва санъатига бағишланган тақдимотлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган ишлар ҳам йўлга қўйилган. Шу мақсадда Львов, Киев ва Харьков шаҳарларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган ҳудудлараро тақдимотлар ўтказдик. Уларда Украинанинг туризм соҳасида фаолият олиб борадиган агентликлари вакиллари иштирок этди. Элчихона ташаббуси билан украиналик сайёҳларнинг юртимизга саёҳат уюштиришини рағбатлантириш мақсадида ҳар якшанба соат 18:00 дан 20:00 гача тематик тақдимотлар ўтказилди. Уларда 700 дан ортиқ киши халқимиз турмуш тарзи, урф-одатлари ва маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Машҳур “Орёл и Решка” телекўрсатувининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сонини суратга олиш ишлари ҳам бевосита элчихонамиз ташаббуси билан ташкил этилди ва ноябрь ойида кўрсатув эфирга узатилди.
Давлатимиз раҳбарининг таклифига мувофиқ, Украинанинг йирик тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Натижада ўткир хасталиклар билан оғриган беморлар ушбу давлатда даволанмоқда. Май ойида Украина нейрожарроҳлик институти директори Е.Педанченконинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган жарроҳлик амалиётлари тиббий соҳадаги тажриба алмашинувларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
5. 2019 йилга мўлжалланган тадбирларни Украинада давом этаётган номутаносиблик сабабли хавфсизлик нуқтаи назаридан кўриб чиқишимиз мумкин. Бундай ҳолатда, биринчи навбатда, фавқулодда юзага келиши мумкин бўлган ҳодисаларда фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқишимиз зарур.
Умид қиламизки, 2019 йилда Украинада режалаштирилган Президентлик ва парламент сайлови тинчлик-осойишталикда ўтказилади.
Умуман олганда, келаётган йилда экспорт ҳажмини 220 миллион АҚШ долларига етказиш, “Тошкент – Киев“ йўналишида авиақатновни тиклаш, фармакология маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни кўзда тутадиган лойиҳани ишлаб чиқиш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси фаолиятидан лавҳалар.
5922e5e9-26a1-4ab3-8a5d-4666b7168f00.jpg
b682e23d-a156-4325-91d6-d90c49e5c731.jpg
d2677e3e-93fd-4529-8ec1-629de0428131.jpg
1f0cc4f4-087d-41b9-a8d4-019bae3926ec.jpg
73e4491a-1b15-4b92-9782-110a38b654f6.jpg
adb2a749-d240-4675-9fe7-1d0c90b75b59.jpg
3c207dae-a8eb-44cc-b5a9-d300aaaac14e.jpg
e4646883-415d-447a-a110-ffd059aa56c7.jpg
1206decc-8b89-4f9c-b1ac-0260dd52823c.jpg
edee3845-9b8a-4c1c-92a3-2e3f7d55975a.jpg
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов.
Сайтимизни кузатиб боринг.

 

ЎзА