Президент қарорига асосан Маданий мерос департаменти ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро давлат инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 декабрда “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорида бу ҳақда қайд этилди.
Департамент:
– моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
– моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек, улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;
– тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш;
– алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш;
– археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек, археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш;
– миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини музей фонди тасарруфидан чиқариш ёки бошқа музей фондига ўтказиш, маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек, давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар, жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, қадимий ёзма манбаларнинг бут сақланишини ва ҳисоби юритилишини текшириш, миллий архив фонди бундан мустасно;
– олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;
– моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;
– халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш каби вазифаларни бажаради.​​

 

ЎзА