Фарзандларимизни Жалолиддин Мангуберди каби боболаримизга муносиб тарбиялашимиз керак

Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак саркарда Жалолиддин Мангуберди жасорати унутилмасдир. Унинг синмас иродаси, қудратига ғанимлар ҳам таҳсин айтган. Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги вакили бўлган саркарданинг фавқулодда иқтидори, буюк жасоратига ҳали-ҳамон жаҳон аҳли ҳайрат билан қарайди. У ҳақда минглаб мақолалар, китоблар ёзилди, қўшиқлар куйланди. Бугун бобомизнинг шарафли номи халқимиз қалбида улуғланади. Мамлакатимизда кўча ва хиёбонларга саркарда номи берилraн, “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилган, Урганч шаҳрида маҳобатли ҳайкали ўрнатилган. 

Президентимиз 30 ноябрь куни Урганч шаҳар марказидаги Ал-Хоразмий ва Паҳлавон Маҳмуд кўчалари кесишмасида бунёд этиладиган мемориал боғ яратиш лойиҳаси билан танишди.

Жалолиддин Мангуберди ҳайкали буюк бобомизнинг жасорати ва шону шавкатига мос маҳобатли бўлиши, унинг атрофидан нур таралиб туриши кераклигини таъкидлади.

– Бу майдонда тарихимиз намоён бўлиши, у Хоразмнинг “ташриф қоғози”га айланиши керак. Шунинг учун тарихчи олимлар билан маслаҳатлашиб, майдонни чуқур мазмунли, чиройли, жозибали қилиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шаҳар қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Тарихий ва замонавий анъаналар уйғунлигида янги бинолар, уй-жойлар барпо этилмоқда. Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда буюк аждодларимиз меросини абадийлаштириш, улардан мерос хислатларни ёшларимиз онгига ҳам сингдириш, улар қалбида ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Фарзандларимизга Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк бобокалонларимизга муносиб қилиб тарбиялашимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун уларга тарихни ўргатишимиз, маънавиятли қилиб тарбиялашимиз керак.

Шу ерда Хоразм вилоятида ичимлик суви таъминотини, автотранспорт соҳасини, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва бошқариш каби қатор лойиҳалар бўйича ҳам маълумот берилди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА