“Локомотив” олтин, “Пахтакор” кумуш, “Навбаҳор” бронза медалларини қўлга киритди

Чемпионат тугашига бир тур қолганда кучли олтиликдаги барча жамоалар ўз ўринларини топишди.
Шундай қилиб, янгича тартибда ўтказилган илк чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари аниқланди. PEPSI Суперлиганинг 31-тур доирасида кеча бўлиб ўтган сўнгги ўйиндан кейин мусобақанинг олтин, кумуш ва бронза медаллари соҳиблари, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи ўрин эгалари ҳам муддатидан олдин маълум бўлиб улгурди.
Кеча бўлиб ўтган “Локомотив” ва “Пахтакор” учрашуви кўпчиликнинг диққат марказида бўлганлиги рост. Ўйин нафақат турнинг, ёхуд иккинчи босқичнинг, балки мавсумнинг энг қизиқарли ва албатта, энг аҳамиятли эканлиги маълум эди. Шу боисдан учрашувни кузатиш учун ташриф буюрган мутасаддилар ҳам кўпчиликни ташкил этди.
Ўйин деярли тенг курашлар остида ўтди. “Пахтакор” ўзига керакли бўлган натижани қайд этиш учун ташаббусни ўз қўлига олиши, ҳисобни биринчи бўлиб очиши ва ҳисобни йириклаштириб бориш пайида бўлиши лозим эди. Бироқ бунинг акси бўлди. Мезбонлар “отга қамчи босишди” ва биринчи бўлимнинг ўзидаёқ чемпионликни деярли ҳал этиб бўлишди. 19-дақиқада Игорь Йелич чамаси 25 метрлар масофадан кучли зарба билан дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олиб, чемпионлик йўлидаги дастлабки қадамни ташлади. Биринчи бўлим тугамасидан майдон эгалари яна бир имкониятга эга бўлишди. Бош ҳакам Акмал Шораҳмедов Олег Зотеевга нисбатан қўполлик қилгани учун пенальти белгилади. Жамоа тўпурари Марат Бикмаев бундай имкониятни қўлдан чиқармади.
Иккита тўп фарқида орда қолаётган бўлса ҳам “шерлар” таслим бўлгиси келмади. Иккинчи бўлим бошида Драган Черан Фарруҳ Сайфиевнинг пасини дарвозага йўллай олди. 70-дақиқага келиб барчаси ойдинлашди – Марат Бикмаев барча масалага нуқта қўйди. Бундан кейинги голлар гўёки аҳамиятини йўқотиб бўлганди.
Шу тариқа “Локомотив” кетма-кет учинчи маротаба кўксига олтин медални тақди.Мукофотлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Локомотив” ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти, ЎзПФЛ ходимлари иштирок этди.
31-тур.
 
“ЛОКОМОТИВ” — “ПАХТАКОР” – 3:2
 
Голлар: Игорь Йелич (19), Марат Бикмаев (37-пен., 70) – Драган Черан (51), Тиаго Безерра (87).

 

Ойбек Юнусов, ЎзА