Дембеле Неймар учун ўзини “қурбон қилмоқчи”

“Барселона” жамоаси ҳужумчиси Осман Дембеле бразилиялик футболчи Неймарни клубга қайтишини хоҳламоқда.
GOALнинг аниқлашича, “кўк-анорранглилар” январда Дембеле билан хайрлашмоқчи. Футболчининг ўзи ҳам бунга қарши эмас.
21 ёшли Осман учун аллақачон Англия клублари ўртасида кураш бошланган ва асосий даъвогар номи ҳам маълум.
“Барселона” устози Эрнесто Валверде Дембелени ўз потенциалини тўлиқ намоён эта олмаётганидан норози ва шу боис ҳам футболчи Валверденинг режаларида йўқ. Ноу Камп эса тезроқ Неймарни ортга қайтишини истамоқда.
Манба жаҳон чемпиони учун курашда Премьер Лига вакиллари орасида “Ливерпул”нинг имконияти бошқа жамоаларга қараганда юқорироқ эканини кўрсатмоқда. Мерсесайдликлар бош мураббийи Юрген Клопп эса ёш футболчини жамоасида кўришга тўла ишонмоқда.
Аввалроқ, Дембеле видеоўйинларга муккасидан кетганлиги боис машғулотларга кеч қолганлиги ва “Бетис” билан учрашув қайдномасига киритилмаганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг, шанба оқшомидаги “Атлетико Мадрид” билан бўлиб ўтган ўйинда футболчи захирадан майдонга тушиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Каталония клуби “Боруссия Дортмунд”га француз футболчиси учун 105 миллион евро ўтказиб берган. Осман Ла Лига доирасида ушбу мавсум 7 марта майдонга тушиб уч бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган.

 

ЎзА