Инвестор ўз маблағларини энди инвестиция компаниясига ишониб топширади

Охирги йилларда республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Бироқ, шу билан бирга, тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини самарали ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган салбий омиллар ҳам йўқ эмас. Ўзбекистон Республикаиси Президенти томонидан имзоланган “Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон тизимдаги мавжуд камчиликларни бартараф этишнинг илғор ечимларини йўлга қўйишни назарда тутади.

Пул пулни чақирар, пул пулни топади ёки пул пул келтирар каби эскидан қолган гаплар бор. Бу нақлга асосланган қоидалар бугун замонавий бизнесда жуда кенг қўлланилади. Чунки пул қачон ҳаракатда бўлсагина кўпайиши, кўпроқ наф келтириши мумкин. Шунинг учун ҳам пули бор киши, яъни замона тили билан айтганда инвестор ўз маблағини кўпайтириб олиши мумкин бўлган лойиҳаларга ҳисса қўшади ва бу билан ҳам ўзи даромад кўради ҳам яна кимнингдир косасини оқартиришга кўмаклашади. Бизда косасини оқартирмоқчи бўлганлар асосан тижорат банкларига мурожаат қиладилар, бироқ жаҳон тажрибасида бировнинг хамёнидаги ахчадан биргаликда унумли фойдаланиш мумкин бўлган усуллар кўп. Қабул қилинган Президент фармони билан юртимизда маълум лойиҳаларни молиялаштиришнинг ана шундай усулларини ривожлантириш мақсад қилинган. Бунинг тартиб таомилларига бафуржа тўхталамиз.
Амалдаги қонунчилигимиз биргаликда, яъни инвесторнинг маблағини жалб қилиб бизнес юритиш учун ўта мураккаб тартибларни талаб қилгани учун ҳам айрим инвесторлар юридик шахс ташкил қилиб ўтирмасдан, оғзаки келишувга кўра ўзларининг бўш маблағларини у ёки бу лойиҳага жалб қилиб келишган. Ёки тадбиркорлик билан шахсан шуғулланишни истамайдиган, лекин истиқболли лойиҳа бўлса унга жон деб ўз маблағини тикиши мумкин бўлган хорижий инвесторлар ҳам борки, уларга фойдали бир таклиф бериш ва бунга ишонтириш учун, на бир ҳуқуқий база ва на ташкилий платформамиз мавжуд эди. Президентнинг “Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан эндиликда Ўзбекистон тажрибасида ҳали учрамаган янги механизмларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Шундай қилиб, бундан буён Ўзбекистон ҳудудида ҳам малакали инвесторларнинг маблағларини жалб қилиш мумкин бўлган ва уларни бошқарадиган янги тузилмалар ташкил этилади. Унга кўра, инвестор ўз маблағларини энди инвестиция компаниясига ишониб топширади, компания бу маблағларни венчур фондларида жамлаш, шакллантириш ва лойиҳаларга киритиш билан шуғулланади. Ўз навбатида, унинг фаолияти бошқарув компанияси томонидан назорат қилинади. Содда қилиб айтганда, бир сўм пулни икки сўм қилмоқчи бўлган киши энди бошини ҳам қотирмайди, вақтини ҳам кетказмайди. У пул беради тамом, қолган барча югур-югур билан соҳанинг усталари шуғулланади.
Қўшимча ўрнида: инвестиция ва бошқарув компанияларининг фаолиятини мониторинг қилиш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади. Қолаверса, бу янги механизмнинг самарали фаолият олиб бориши учун табиийки амалиётдаги тартиб-қоидаларга ҳам маълум ўзгартиришлар яъни енгилликлар киритилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур механизмнинг йўлга қўйилиши билан мамлакатимизда:
• Инвестицион лойиҳалар иштирокчиларининг ўзаро эркин муносабатларини ўрнатиш
• Малакали капитал бошқарувчилар бозорини ривожалантириш
• Бўш маблағларни мамлакат иқтисодига жалб қилиш
• Яширин иқтисодиёт кўрсаткичини пасайтириш ва давлат бюджетини ошириш
• Фонд бозорини ривожлантириш каби қатор имкониятлар пайдо бўлади.
2018 йил маълумотларига кўра, жаҳонда венчур капитали ва хусусий инвестициянинг жозибадорлик индекси бўйича АҚШ, Канада, Германия, Исроил каби мамлакатлар етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон ҳозирча бу рўйхатда йўқ. Бироқ энди Президентнинг ушбу фармони билан хусусий инвесторлар иккиланмасдан, қўрқмасдан ўз маблағларини даромадли лойиҳаларга кирита оладиган жаҳон тажрибасида синовдан ўтган замонавий молиявий механизмни ишга туширишга тамал тоши қўйилди. Фармонда шу соҳани зўр биладиган малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳам алоҳида вазифа қилиб қўйилган. Буларнинг бари жам бўлиб, Ўзбекистоннинг инвестицион муҳитини либераллаштириш ва янада шаффофлаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 
ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа 
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

 

ЎзА