Тадбиркорларнинг 1 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ қарзидан кечилди

Мамлакатимизда кейинги икки йилда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилиб, уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилмоқда.
Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси ва шаҳар, туман давлат солиқ инспекцияларида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Солиқ қарзининг пайдо бўлиш сабаблари, тўловларнинг амалга оширилишида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилмоқда.
Унда Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, ҳужжатда белгиланган солиқ имтиёзларидан унумли ва мақсадли фойдаланиш, улар фаолиятида учраётган муаммолар муҳокама этилаётир.
– Мазкур ҳужжат бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда, – дейди Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси катта инспектори Н.Сафаров. – Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар, молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, қайд этилган солиқ қарзлари, молиявий жарималар ҳамда пенялар ҳисобдан чиқарилиши, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича ўрнатилган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби ҳам бекор қилиниб, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги яна бир тўсиқ олиб ташланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, вилоятда олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида 266 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклади ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши билан улардаги 1,8 миллиард сўм солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди.
Бу эса, ўз навбатида, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда бюджет тушумларига ҳисса қўшиш мақсадида давлатимиз томонидан биринчи бор берилаётган имкониятдир.
– Бир неча йилдан бери давлатдан молиявий жарима бўйича қарзларимни тўлолмай юрган эдим, – дейди А.Супонов. – Давлат томонидан яратилаётган имкониятлар, солиқ қарздорлигининг кечилиши фаолиятимни қайта тиклаш имконини берди. Давлат солиқ органлари ходимлари томонидан 67,8 миллион сўмлик солиқ қарзларим ҳисобдан чиқарилди.
Фуқаро Рашид Бойчаевнинг ҳам 67 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги мавжуд эди. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, қайта рўйхатдан ўтди ва барча қарздорлигидан қутулиб, ҳозирги кунда тадбиркорликни бошлади.
Бугун ушбу ҳужжат ижроси ва унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, тарғиб қилиш чораларини кўриш муҳим аҳамият касб этади. Негаки, унда кўрсатилган барча имкониятлар халқимиз, айниқса, тадбиркорлик субъектлари учун фойдалидир. Айни кунларда мазкур масала юзасидан мутасадди соҳа вакиллари билан ҳамкорликда тадбиркорлик ва молия-хўжалик фаолиятини тиклаш, шунингдек, уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда фаол ёрдам бериш учун жойларда фуқаролар билан учрашувлар ўтказилмоқда.

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА