Чехиялик амалдор: “Ўзбекистон-Чехия савдо айланмасида вазият муаммоли”

Аввал хабар берганимиздек, Чехия Республикаси Парламенти Депутатлар палатаси раисининг ўринбосари Филип Войтех бошчилигидаги бизнес-делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. 

Ташриф доирасида бугун, Тошкентда Ўзбекистон – Чехия бизнес форуми ва кооперацион биржаси ташкил этилди. Унда Чехиянинг қурилиш, энергетика, фармацевтика, инжиниринг, консультатив хизматлар, саноат соҳаларида фаолият олиб борувчи 20 га яқин компаниялари вакиллари ва мамлакатимизнинг 60 дан зиёд тадбиркорлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Чехия Республикасининг Саноат ва савдо вазирлиги департаменти директори Мартин Поспишил мамлакатларимиз савдо муносабатларида томонлар эътибор қаратиши лозим бўлган муҳим масалани тилга олди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон-Чехия савдо айланмаси кўрсаткичлари унчалик хавотирли эмас. Ҳақиқий хавотир экспорт-импорт маҳсулотларининг хилма-хил эмаслигида.
“Мисол учун, Ўзбекистон экспортининг 85 фоизи пахтага концентрацияланган. Чехия экспортининг 50 фоиздан зиёдроқ улуши саноат ускуналари ва электроника товарларига тўғри келади. Бу эса Ўзбекистон-Чехия савдо айланмасидаги вазият муаммоли дегани. Чунки сизнинг пахтангиз ва бизнинг машинасозлигимиз билан нимадир юз бергудек бўлса, эртага нимани экспорт қиламиз? Шундай экан, мамлакатларимиз бизнес вакиллари импорт-экспортда янги тармоқларни ҳам ишга солишни ўйласа, яхши бўларди” деди М.Поспишил.

Форумда тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган йилларда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо айланмаси кўрсаткичлари барқарор бўлмаган. Фақат сўнгги икки йил ичида импорт-экспорт барқарорлашиб, ўсишда давом этмоқда. Масалан, 2017 йилда ўртадаги савдо айланма 75 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида бу кўрсаткич 60 миллион долларга яқинлашган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА