Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлар такомиллашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 23 ноябрда “Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва юритишга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.
Қарорга кўра, 2019 йил 1 январдан:
• гаров билан таъминланмаган кредиторлар талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритилган санага кўра календарь кетма-кетлигида амалга оширилади. Бунда, ушбу тартиб қарздорнинг ҳисобварағидаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатига татбиқ этилмайди;
• гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритган кредитор-гаровга олувчилар ўз талабларини қондиришда гаров реестрига тегишли ёзувни киритмаган кредитор-гаровга олувчиларга нисбатан устувор ҳуқуққа эга бўладилар;
• мол-мулкни харид қилишни уни таъминот сифатида қўйиш эвазига молиялаштирган кредитор гаров реестрига тегишли ёзувни киритган тақдирда, ушбу мол-мулк ҳисобидан ўз талабларини қондиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади;
• навбатдаги гаровга қўйишга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш шарти билан аввалги гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади;
• гаровга қўювчи томонидан гаров предметини ижарага беришга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш ва бу ҳақда гаровга олувчини хабардор этиш шарти билан гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади.
Қарор билан:
• шартномада ўзгача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун тақдим этилган мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни сотишдан олинган ҳосил ва даромадларга кредиторнинг устувор ҳуқуқи татбиқ этилади;
• лизинг, бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутувчи олди-сотди, ижара ёки бошқа битимлар объекти бўлган ҳамда ушбу битимларда мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун қўйилган мол-мулкка гаров учун белгиланган ундирув қаратиш тартиби татбиқ этилади;
• ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, гаров предмети ёки кредиторнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш предмети сифатида қўйилган кўчар мол-мулкка ундирувни қаратишга суд буйруғи институти татбиқ этилади.

 

ЎзА