Ўзбекистонда “Haier” брендли телевизорлар ишлаб чиқарилади

Бугунги кунда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси таркибидаги 70 яқин корхонанинг деярли ярмида маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 
Авваллари маҳсулотлар импорт қилинган бўлса, ҳозирда уларнинг асосий қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Улар Россия, Украина, Озарбайжон, Латвия, Грузия, Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон каби ўндан ортиқ давлатларга экспорт қилинмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси Россиянинг нуфузли компаниялари билан тўртта инвестицион келишув ҳамда компания таркибига кирувчи корхоналар ўртасида кабель-ўтказгич маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича умумий қиймати 10 миллион долларлик шартнома имзоланди.
– Бу жорий йилдаги келишувлардан бири халос, – дейди “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси Бошқарув раисининг ўринбосари Умид Ислам. – Биз халқаро ҳамкорлик доирасида жаҳонга машҳур брендлар билан турли йўналишларда англашув меморандумлари, икки томонлама келишувларга эришмоқдамиз. Мисол учун, маиший техника ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Хитойнинг етакчи компанияларидан бири “Haier Group” компанияси билан ҳамкорликда тегишли маркетинг ўрганишлар ва музокаралар олиб бордик. Ўрганишлар натижасида «Haitech» бренди (HAIER суб-маркаси) остида замонавий телевизорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юқори технологик ва импорт ўрнини босувчи радио алоқа мосламаларини ва радио ускуналарини ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш мақсадида “Ўзэлектроаппарат-Электрощит“ жамияти дунёда радиоалоқа воситаларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларни эгалловчи Хитойнинг “Hytera Communications Corporation Limited” компанияси билан ҳамкорликда йилига 20,0 минг дона радио алоқа воситаларини ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режалаштирилган.
2018-2021 йилларда ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурлари доирасида маҳаллий тадбиркорларни жалб қилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бир қатор янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинган.
Хусусан, электротехника йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумий қиймати 731,2 миллиард сўмлик 43 та янги лойиҳа амалга оширилади. Бу эса бир ярим мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишда қўл келади.
Мазкур лойиҳалар доирасида янги электротехника ва маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади, жумладан “Самсунг” компанияси техник ҳамкорлигида замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, электр шкаф, электр сув иситгичлар, иситиш қозонлари ва металь радиаторлар, ярим автомат кир ювиш машиналари ва чангютгичлар ишлаб чиқарилади.

 

Сайёра Шоева, ЎзА