Энг яхши медиа-маҳсулот учун автомобиль ва Ўзбекистон бўйлаб VIP-тур тақдим этилади

X Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали Ўзбекистон маданий-тарихий мероси, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган энг яхши роликлар учун танлов эълон қилади.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – Ўзбекистон маданий-тарихий мероси, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш орқали оммавий ахборот воситалари ижодкорлари ҳамда ижодкорларни рағбатлантиришдан иборат.

Танлов 3 та номинация бўйича ўтказилади:

• “Маданий-тарихий Ўзбекистон” /«Культурно-исторический Узбекистан»/ Mustsee

• “Ўзбекистон – туристик маскани” /«Туристический Узбекистан»/ Welcome to Uzbekistan/

• “Гастрономик Ўзбекистон”/ «Гастрономический Узбекистан»/ Tasteme

Энг яхши асарларни аниқлаш учун фестивалнинг Эксперт гуруҳи ташкил этилди. Танлов натижаларига кўра, эксперт гуруҳи томонидан ҳар 3 та номинация бўйича 3 тадан, жами 9 та видеоролик танлаб олинади.

Жорий йилнинг 10 декабрь куни фестивал иштирокчилари ҳамда меҳмонлари иштирокида ҳакамлар ҳайъати томонидан жонли овоз бериш орқали ғолиблар аниқланади. Танловнинг ҳар 3 та номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритган 3 нафар финал иштирокчиси фестивал гран-приси саналмиш бош соврин – “Spark” автомобили учун номзод этиб белгиланади. Ҳамкамлар томонидан жонли овоз бериш орқали ғолиб деб топилган иштирокчига бош соврин берилади.

photo5460985268745120285.jpg

Фестивалга, шунингдек, хорижий иштирокчиларнинг роликлари ҳам қўйилади. Эксперт гуруҳи томонидан энг яхши деб топилган 3 та ролик онлайн овоз бериш орқали аниқланади. Танловда ғолиб бўлган хорижлик иштирокчи учун асосий соврин – VIP-тур – Ўзбекистоннинг энг кўп ўрганилмаган, сирли ва муқаддас жойларига ташриф буюриш имконияти яратилади. VIP-тур ташкилотчиси – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Энг яхши роликлар муаллифлари X Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивалининг қимматбаҳо совғалари ва эсдалик дипломлари билан тақдирланишади.

Танловга фақатгина муаллифлик ҳисобланган, давомийлиги 2 дақиқагача бўлган, ўзбек ва рус тилларидаги роликлар қабул қилинади.

Танловда қатнашиш истагини билдирганлар ўз ишларини X.fest.products@gmail.com почта манзилига боғланиш шаклида ёки ихчам шаклда юборишлари сўралади.

Ижодий ишлар шу йилнинг 7 декабрига қадар қабул қилинади.

Фестивал Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши ҳамда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилмоқда.

 

ЎзА