"PROlogue-2018" халқаро кинофестивали очилди

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида «PROlogue-2018» халқаро кинофестивалининг очилиш тадбири ўтказилди. 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашуви кино соҳаси вакиллари олдига ҳам улкан вазифаларни қўйди. Юксак малакали кадрлар тайёрлаш, томошабинларни бадиий жиҳатдан мукаммал, юқори савиядаги миллий фильмлардан баҳраманд этиш, ижодкорлар масъулиятини юксалтириш шулар жумласидандир.
4.JPG
Президентимизнинг 2017 йил 7 августда қабул қилинган «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш, “Ўзбеккино” миллий агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш борасида янги истиқболларни очмоқда. Унга кўра “Ўзбеккино” миллий агентлиги учун миллий кино маҳсулотларини яратиш бўйича йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг прогноз кўрсаткичлари белгилаб берилди. Жойларда кичик киностудиялар ва замонавий форматдаги кинозаллари бўлган минтақавий маданий-кўнгилочар комплекслар бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни вақтда кинематография соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш мақсадида агентлик қошида малака ошириш курсларини ташкил этиш, атоқли кино ижодкорлар дарс берадиган маҳорат мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш, юртимиздаги ёш, истеъдодли ва истиқболли кино ижодкорларнинг малакасини ошириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
«PROlogue-2018» халқаро кинофестивалидан кўзланган асосий мақсад ҳам кинематография соҳасида юртимиз ва хорижий тажрибани атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, ижодкорларнинг ўзаро мулоқоти учун зарур имконият ва шароитлар яратиш, юртдошларимизни миллий ва жаҳон кино санъатининг энг сўнгги ютуқларидан баҳраманд этишдан иборатдир.
7.JPG
…Тантанали тадбир юртимиз ва хорижлик кино усталарининг қизил йўлакчадан ўтишидек ҳаяжонли онлари билан бошланди. Мусиқанинг шўхчан садолари янграйди. Халқаро фестиваль барча томошабинларни чорлайди. Экранларда кўринган севимли санъаткорларимиз, актёру режиссёрлар энди рўпарамизда, ёнгинамизда. Кимдир улар билан бирга суратга тушади. Биров дастхат олиш илинжида. Ҳамкасблар яқин режалари билан ўртоқлашмоқда. Қўшиқлар рақсларга, дил сўзларига уланади.
Тадбир ниҳоясида ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган «SCORРION» бадиий фильми намойиш этилади.
11.JPG
19.JPG

 

Н.Усмонова, М.Амин (сурат), ЎзА