23 ноябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Россия педагогика давлат университети педагогика ва психология факультети психологияни ўқитиш кафедраси бошлиғи, педагогика фанлари доктори, профессор Л.С.Подимова ва ушбу кафедра катта ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди М.С.Сотникова билан учрашув бўлиб ўтди.

Институт ректори Б.Отемуратов россиялик меҳмонлар билан илмий тадқиқот ишларида ҳамкорлик масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, келгусидаги мақсадлар бўйича фикр алмашди. Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг натижалари тўғрисида ижобий фикр билдирди.

Бундан сўнг хорижий профессорлар институтнинг педагогика ва психология таълим йўналиши профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар, магистрантлар ва талаба-ёшлари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда россиялик олимлар ўзлари фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаси, у ерда илмий тадқиқот ишларининг олиб борилиши, магистрант ва докторантларга қўйиладиган талаблар ва ҳамкорлик натижалари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Учрашувда институт профессор-ўқитувчилари, магистрантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Учрашув сўнгида россиялик олимлар томонидан педагогика ва психологияда инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича ёзилган бирнечта китоблар ва ўқув қўлланмаларини қорақалпоқ тилига таржима қилиш ва ҳамкорлик бўйича келишиб олди.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.