Ёшларнинг бадиий асарлар ҳақида ўзаро баҳслашаётганини кўриш кишига завқ бағишлайди

Нукусда “Ёш китобхон” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
 
11.JPG
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган кўрик-танловнинг ушбу босқичида 10-14, 15-19, 20-30 ёш тоифасидаги китобхонлар билими ва дунёқараши синовдан ўтказилди.
23.JPG
10-14 ёшли иштирокчилар ўртасида Тўрткўл туманидан Шаҳзода Каримбоева, 15-19 ёшли китобхонлар ўртасида Кегейли туманидан Нурсулу Коканова, 20-30 ёш тоифасида Элликқалъа туманидан Аббос Реимов биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
– Болалар ва ўсмирлар ўртасида китобга қизиқиш ва мутолаа маданияти ошиб бораётгани қувонарлидир, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Бибижан Аралбаева. – Бунда, албатта, мана шундай амалий тарғибот тадбирларининг аҳамияти катта. Нукус шаҳар Ёшлар марказига ҳар куни юзлаб ёшлар ташриф буюриб, бўш вақтини кутубхонада ўтказмоқда. Уларнинг ўзлари мутолаа қилган бадиий асарлар ҳақида ўзаро баҳслашаётганини кўриш кишига завқ бағишлайди.
Ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА