Дизайнерларнинг мулоқот майдони

Пойтахтимизда “Осиё рамзи“ Ўзбекистон дизайнерлар уюшмаси томонидан ўтказилаётган Тошкент мода ҳафталиги ранг-баранг тадбирлар, модалар намойиши, маҳорат сабоқларига бой бўлмоқда.
Профессионал мода ҳафталиги либослар оламида ўзбек мода брендини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, дизайнерларнинг энг сўнгги коллекцияларини намойиш этиш ва томошабинларга замонавий мода анъаналарини баҳолаш имкониятини бераётгани билан аҳамиятлидир.
Ҳафталик доирасида хорижий ва маҳаллий дизайнерлар иштирокида ўтказилаётган маҳорат сабоқлари, тўқимачилик ва кийим-кечак кўргазмалари барчада катта таассурот қолдирмоқда. Лойиҳанинг навбатдаги кунида хитойлик мутахассислар билан биргаликда модалар анъанавий маданий элементлари ҳамда технология интеграцияси ва инновациясига бағишланган конференция ўтказилди.
– Ўзбекистонлик ёш дизайнерлар жуда истеъдодли, – дейди Хитойнинг Дунхуа университети ташқи алоқалар бошқармаси директори Жао Мингвей. – Уларнинг ижод намуналари жаҳон миқёсида тан олинишига сира шубҳам йўқ. Дизайнерларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳар икки мамлакат ижодкорлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳафталик доирасида ташкил этилган кўргазмада Дилдора Қосимова, Нилуфар Абдувалиева, Денис Томилин, Дилноза Эркинова, Дина Сайфи каби ўзбекистонлик дизайнерларнинг ижод намуналари мода мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мода устаси Умида Ҳамидованинг коллекцияси миллий ғояга йўғрилгани, замонавий ва қадимий либослар анъаналарини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли бўлса, Хуршида Султон яратган либослар камалакранг бисер ва мунчоқларга бойлиги, ижодкор фантазияси кенглигидан дарак беради.
– Тошкент мода ҳафталигида учинчи марта иштирок этяпман, –дейди юртимизнинг яна бир моҳир дизайнери Елена Мильбергер. – Бундай тадбирлар дизайнерларнинг танилиши, ишлари оммалашиши, жаҳон мода дунёсидаги энг сўнгги тенденциялардан бохабар бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Бу гал ҳафталик учун “Элис“ номли коллекцияни тайёрладим. У эртакмонанд романтик ғояларни ўзида ифода этади.
Ҳафталикнинг навбатдаги кунида Ўзбекистон, Хитой ва Ҳиндистон дизайнерларининг ижод намуналари намойиш этилди.
28-faqat saytga.JPG
3.JPG
5.JPG
1.JPG
12.JPG
13.JPG
14.JPG
16.JPG

 

Н.Усмонова, Темур Мамадаминов​ (сурат)​ ЎзА