ИИВ Малака ошириш институти: вазифалар ва устувор йўналишлар сари

Вазирликнинг ташкилий тузилмасида мустақил таълим муассасаси ҳисобланган Малака ошириш институти ташкил этилди.

Ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланганлиги муҳим воқеа бўлди. Қарорга асосан, Вазирликнинг ташкилий тузилмасида мустақил таълим муассасаси ҳисобланган Малака ошириш институти ташкил этилди.

Малака ошириш институти таркибида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жиноятчиликка қарши курашиш, Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари кафедралари ташкил этилган. Ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув йиғинлари, сайёр йиғинлар, масофадан ўқитиш таълим ва ўқув жараёнини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва таҳлил бўлими назоратида ушбу кафедралар профессор-ўқитувчилари таркиби томонидан ўтказилади. Жойларда сайёр ўқув йиғинларини олиб бориш мақсадида, Вазирликнинг барча Академик лицейларида Малака ошириш институтининг филиаллари (аудиториялари) ташкил этилган. Ўқув дастурлари асосида мазкур филиалларда тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан қисқа муддатли ўқув йиғинлари ходимларни хизматдан ажратмаган ҳолда ўтказилиши режалаштирилган.

Малака ошириш институтида бошқа олий таълим муассасалари ва давлат органлари, шу жумладан, хорижий давлатларнинг малакали мутахассисларини шартнома асосида жалб қилиш мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, институт Вазирликнинг ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларининг ўқув-услубий жараёнини мувофиқлаштиради.

Вазирлик томонидан тасдиқланган режа-тақсимотга мувофиқ ўқув йиғинларига юборилган офицер ходимлар Малака ошириш институтининг тингловчилари сафига қабул қилинади ва тегишли йўналишда тайёргарликдан ўтади. Ички ишлар органларининг ҳар бир ходими мутахассислиги бўйича тўрт йилда бир марта малака оширишлари лозимлиги белгилаб қўйилган.

Малака ошириш институти жамоаси олдига қўйилган вазифаларни тўла-тўкис амалга ошириш мақсадида қуйидаги устувор йўналишлар асосида йўл харитаси белгилаб олинган:

Жумладан, биринчи йўналиш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш самарадорлигини ошириш учун ўқув жараёнига “Андрагогика” қоидаларига асосланиб, интерфаол методлар ва замонавий инновацион педагогик технологияларни татбиқ этиш. Унда анъанавий таълим билан биргаликда интерфаол таълимнинг кенг қўлланилишига эришиш:

• ўқув жараёнини амалий йўналтирилган ҳолда “Модуль тизими” асосида ташкил этиш;

• мутахассислик йўналишлари бўйича блок-модуль асосида ўқув дастурларини;

• мутахассислик йўналишлари бўйича ўқув-мавзуси режаларини;

• мутахассислик йўналишлари бўйича ўқиш муддатини биринчи кундан охирги кунгача тўлиқ қамраб олган ҳолда ҳар бир жуфтликда тингловчи фаолияти лойиҳалаштирилган ўқув методик комплексларни босқичма-босқич тайёрлаб бориш;

• хизмат фаолияти бўйича касбий тайёргарлик;

• хизмат фаолияти бўйича ҳуқуқий тайёргарлик;

• хизмат фаолиятидаги ислоҳот, янгилик ва илғор тажрибалар;

• ахборот-коммуникация технологияларидан хизмат фаолиятида фойдаланиш ўқув блок-модуллари;

• ўқув жараёнида замонавий инновацион педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, ўқув йиғинининг биринчи кунидан охирги кунига қадар ягона мақсадга йўналтирилган ҳолда лойиҳалаштириш ҳамда кафолатланган натижаларга эришиш;

• ўқув машғулотларини интерфаол методлар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда ўтказиш (“Кейс-стади”, “Ақлий ҳужум”, “Ролли ўйинлар”, “БББ”, “Бумеранг”,“Кластер”, “Балиқ скелети”, “Давра суҳбати” ва бошқалар);

• тайёрланаётган барча методик материалларда замонавий инновацион педагогик технологиялар ва интерфаол методлар акс этишини таъминлаш. Иккинчи йўналиш бўйича, таълимнинг инновацион турларини ўқув жараёнига татбиқ этиш орқали, ўқув жараёнида ноанъанавий таълим усулларидан фойдаланиш, ходимларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида қулайлик яратиш, ходимларни тўлиқ қамраб олиш, вақт тежамкорлигига эришиш ва сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида кенг татбиқ этиш:

• ўқув жараёнига масофавий таълим турини татбиқ этиш;

• ходимлар билан жойларда сайёр ўқув йиғинларини ташкил этиш.

Учинчи йўналиш бўйича, ўқув жараёнини лойиҳалаштириш ва уларни ўқув-методик таъминлаш, ўқув интизомига риоя этилишини доимий назорат қилиш белгиланган.

Шунингдек, профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув-хизмат интизомининг доимий мониторингини олиб бориш тартиби:

• профессор-ўқитувчиларнинг ўқув машғулотлар бўйича тақсимотини доимий назорат қилиб бориш ва ўқув интизомига қатъий риоя этишларини таъминлаш;

• ўқув жараёнида аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини доимий кўриб бориш;

• илмий-тадқиқот ишларини ички ишлар органлари фаолияти ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳуқуқни қўллаш фаолияти, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишни такомиллаштириш соҳалари билан бирга, бу борадаги халқаро тажрибани мунтазам ўрганиб бориш;

• олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижаларини ўқув жараёнига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига кенг татбиқ этиш;

• илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида фойдаланиш учун ахборот-таҳлилий материаллар ва тавсияларни тайёрлаш;

• илмий-тадқиқот ишлари натижалари юзасидан ички ишлар органлари фаолияти учун амалий аҳамият касб этувчи қўлланмалар тайёрлаш;

• илмий-тадқиқот ишлари йўналишида турдош ва хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш.

Профессор-ўқитувчилар таркибининг педагогик-методик маҳоратларини ва билимларини доимий равишда ошириб бориш тартиби қуйидагича:

• ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги янгиликлар, қўлланилаётган илғор тажрибалар, мавжуд муаммолардан доимий хабардор бўлиб боришлари учун ички ишлар органларида кунлик, ҳафталик, ойлик амалиётлар ва стажировка ўташларини ташкил этиш;

• ўқув машғулотларини замонавий инновацион педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда ўтказиш ҳамда малакаларини ошириш мақсадида мутахассисларни таклиф этган ҳолда ўқув курсларини ташкил этиш;

• Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

• Бош илмий-методик марказида малака ошириш курслари ўқув йиғинларида профессор-ўқитувчилар таркиби қатнашишини ташкил этиш;

• ўқув машғулотларида замонавий инновацион педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш малакаларини ошириш учун етакчи профессор-ўқитувчилар томонидан мастер-класс машғулотлари ўтказилишини доимий ташкиллаштириш;

• профессор-ўқитувчиларнинг касбий билимлари даражасини назорат қилиш, педагогик ва методик маҳоратларини ошириб бориш, ўқув машғулотларида замонавий инновацион педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни таъминлаш борасидаги малакаларини ошириб бориш мақсадида, педагогик назорат ва машғулотларга тўлиқ қатнашишларни ташкиллаштириш. Профессор-ўқитувчилар ва тингловчилар учун ахборот-ресурс маркази имкониятидан фойдаланиш учун шароитлар яратиш қуйидагича амалга оширилади:

• ахборот-ресурс маркази фондини ўқув, илмий, бадиий адабиёт ва журналлар билан тўлдириш чора-тадбирларини белгилаш, Вазирлик Академияси ва бошқа турдош олий таълим муассасалари билан ўқув адабиётларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш, адабиётларни харид қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш,фондни доимий равишда янгилаб ва кенгайтириб бориш.

Илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигига эришиш мақсадида, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги долзарб муаммолар юзасидан илмий-тадқиқотлар ўтказиш:

Малака ошириш институтининг ўқув моддий-техник базасини сақлаш, асраб-авайлаш ва доимий равишда такомиллаштириб бориш.

Бугунги кунда Малака ошириш институти фаолиятини ташкил этиш мақсадида тегишли ўқув базасини яратиш, уни такомиллаштириш ҳамда норматив-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Малака ошириш институтининг Низоми ва ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича Йўриқнома ишлаб чиқилиб, улар асосида тегишли ишлар амалга оширилишида давом этилмоқда.

А.Пардиев,
ИИВ Малака ошириш институти раҳбари

 

ЎзА