Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида академик Николай Шин таваллудининг 90 йиллигига бағишланган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 
Николай Шин 1928 йил Узоқ Шарқда Находкадан унча узоқ бўлмаган Тудим посёлкасида туғилган. 1937 йили корейсларнинг оммавий кўчирилиши даврида Николай Шин Ўзбекистонга келади.
Бўлажак рассом 1944-1948 йилларда П.П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида ўқийди. Кейинчалик 1954-1960 йилларда Тошкент Театр ва рассомлик институтида таҳсил олади.
Шиннинг ёшлик йиллари ва шаклланиш даври Иккинчи жаҳон уруш йиллари охирларига тўғри келган. Рассомнинг нуқтаи назарида, унинг рангтасвир асарлари шарқ идеографияси таъсирида, бадиий уйғунликка ҳурмати генетик мерос ҳисобланган. Буддизмдаги сокинлик ва дунёвий санъатга мансублик ҳиссини намойиш этади. Рассомнинг замондошлари даврида саёҳатларга чиқиш ва “носовет” рассомлари билан алоқада бўлиш имконияти бўлмаган. Уларга Ренесансдан то импрессионизмгача бўлган классик анъаналарда таълим берилган.
1957 йил Москвада бўлиб ўтган Халқаро ёшлар ва талабалар фестивали Николай Шинга биринчи ва бош мукофотни тақдим этди. Европалик замонавий рассомлар унинг ижоди билан танишдилар. Рассомнинг муросасиз шахсий бадиий манераси – “ярим тон эмас”, балки бутун ва контраст рангларда шаклланди. У ижодида ўзига хос бадиий мазмунни шакллантириб Европа анъанавий рангтасвирида мужассам этди.
Н.Шин 20 йилдан ортиқ вақт давомида “Севги афсонаси” ва “Реквием. Хотира йўли” рангтасвир туркуми устида ижод қилади. У ўз чизгиларида шарқ мумтоз шеърияти, маънавий гўзаллик ва муҳаббат мавзуларида рангнинг сезилар-сезилмаслиги ёки чўғдек ёниши, баъзан қувончли, ёрқин колорити, баъзида эса тўқ, деярли монохром – тасвирни шакллантириб ғояни ифодалаб беради.
Худди шу мавзу “Реквием. Хотира йўли” туркуми рамзий – метафорик образлар орқали, сталинизм даврини бошдан кечирган корейс халқининг фожиали тақдирини чуқур очиб беради. Туркумда 150 га яқин асар мавзуси турли кўз қарашларда ифодалаган. Бу асарларда яхлитлик ва маҳобатлилик фазилатлари мавжуд. Рассом шартлиликка ва шаклларнинг экспрессиясига эътибор қаратади. Рангларнинг нафислиги кучли эмоционал таъсир кўрсатади.
Н.Шин – романтик ва абстракт йўналишда ижод қилган рассом. Унинг сўнгги йиллардаги асарлари белгили шаклларга асосланган бўлиб кучли ижобий зарядга эга. Ёрқин ифодали абстракт рангтасвир орқали Н.Шин инсонлар онгида мураккаб ифодали тасаввур қолдиради. Унинг асарлари рассомнинг бой тасаввурида белгилар, ранг, шаклларда барҳаётдир.
Кўргазмада намойиш этилган “Сўқоқ” туркуми – “Марварид Сўқоқ мадҳияси” рассомнинг сара асарлардан бири ҳисобланади. Асар 1985 йилда бошлаган бўлиб, ўзбек ва корейс халқларининг анъанавий халқ декоратив амалий санъати асосида яратилган. Ушбу туркумдаги асарларда рассом соддалаштирилган шартли шаклларга мурожаат қилган, унинг манбалари анъанавий пластика, миллий матолар ва кашталарнинг нақшларида кўриш мумкин.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА